Лондонистон: "Авлиё Иуда" тўфони қисқа, лекин кучли ва талофотли бўлди"

Кучи соатига 140 километргача чиққан шамоллар ва қаттиқ ёғингарчилик Британиянинг катта ҳудудига, айниқса Уэллс ва жанубий Англиядаги транспорт ҳаракатига жиддий таъсир қилди.

Уайт оролида шамолнинг тезлиги соатига 148 кмга етгани қайд этилди.

Кўплаб жойларда кучли шамол дарахтларни илдизи билан қўпориб ташлаган.

Электр линиялари узилиб, Британия ва Францияда 300 минг уй чироқсиз қолган. Дувр бандаргоҳида 400 дан ортиқ йўловчи табиий офат кучи пасайишини кутишига тўғри келган.

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли душанба куни эрта тонгдан темир йўл ширкатлари поездлар ҳаракатини бекор қилди, муҳим автомобил йўллари ва кўприкларда ҳаракатланиш тўхтатилди.

Лондоннинг ҳалқаро Хитроу аэропортида 130 учоқ парвози бекор қилинган.

Британияни Оврўпо қитъаси билан боғлайдиган Eurostar ширкати Ла Манш бўғози остидан барча поезд қатновларини бекор қилган ва ноқулай шароит сақланиб қолишидан огоҳлантирган.

Британия ва бошқа мамлакатлар ўртасидаги кема қатновлари ҳам бекор қилинган.

Кучли ёғингарчилик туфайли жанубий-ғарбий Англиянинг баъзи қисмлари сув остида қолиш хавфи борлиги айтилмоқда.

Синоптикларга кўра, тушга бориб пўртана йўналиши Шимолий денгизга ўтиши кутилмоқда.

Network Rail ширкати раҳбари Робин Гибзининг айтишича, сешанба куни эрталабга бориб транспорт ҳаракати табиий тартибига тушиши керак.

"Авлиё Иуда" тўфони қисқа, лекин кучли ва талофотли бўлди"

Авлиё Saint Jude номини олган тўфон зарби дастлаб жанубий-ғарбий Англия ва Уэлсга, сўнгра эса бутун Британия ҳудудига тарқалди.

Ҳукумат шошилинч чоралар кўра бошлади, фалокат миқёсини камайтириш мақсадида баъзи жойларда баланд дарахтларни кесишга тўғри келди.

Британия ҳукумати одамларни хавфдан огоҳлантирар экан, яқин вақтда автомобилдан фойдаланмасликни маслаҳат бермоқда.

Барча чораларга қарамай, тўфон олти инсоннинг умрига зомин бўлди.

Англия қирғоқларида кучли тошқин 14 ёшли ўсмирни денгиз қаърига олиб кетган. Уотфорд графлигида автобус устига қулаган улкан дарахт туфайли ҳайдовчи ҳалок бўлган. Кентда 17 ёшли қиз ухлаб ётган уйга дарахт қулаб тушган. Шунингдек, газ баллони портлашидан икки киши ўлган.

Жанубий Сассекс графлигида шамол 125 дарахтни қўпориб ташлаган. Улардан бири Истборн шаҳрида такси машинаси устига тушган. Бахтга кўра, ҳайдовчи машинадан чиқишга улгуради.

"Авлиё Иуда" туфайли Кент графлигида Dungeness электр станциясининг фаолияти тўхтатилган.

Британиядан Францияга қараб йўналган тўфонга "зарғалдоқ" даражаси берилган. Яшил даража- хавфли об-ҳаво кўринишлари туғилмайди, сариқ-яшин чақиши, иссиқ ёки совуқ хаво ҳарорати, зарғалдоқ- кучли, жойларда хавфли ҳолатлар касб этади, қизил-жуда хавфли ҳисобланиб, катта вайронагарчилик ва қурбонликлар бўлишидан огоҳлантиради.

Бош вазир Дэвид Кэмерон ҳукумат аъзоларига табиий офотга тайёргарлик ишларини тушунтирган. Мактаб, боғча, касалхоналар, ҳамда электрстанция ва транспорт тизими учун режаларни баён қилган.

Ирландия, Нидерландия, Франция, Швеция, Финландия, Эстония, Латвия ҳукуматлари ҳам аҳолини тўфон хавфидан огоҳлантирганлар.

Мутахассислар ушбу тўфон 1987 йилдан буён энг кучлиси бўлганини тасдиқлашган.

Бу мавзуда батафсилроқ