Пекин: Тянанмен портлаши бўйича икки уйғур изланмоқда

Image caption Хитой полицияси Пекин марказидаги портлаш бўйича уйғурча исм-фамияли икки шахсни изламоқда

Пекин марказидаги портлаш кўпчиликнинг кўз ўнгида юз берди. Одам тиғиз майдонга шиддат билан кириб келган автоулов тўсатдан портлаб кетди.

Камида беш кишининг умрига зомин бўлган ҳужумни полиция худкушлик амали, деб гумон қилаётир.

Сўнгги янгилик эса гумонни янада кучайтириши мумкин: Полицияга кўра, портлатилган машинанинг рухсатномаси Шинжон-Уйғур бўлгасида олинган. Айни дамда, бу ҳужумга алоқадорликда кўрилаётган икки нафар шинжонлик шахс изланаётгани хабар қилинмоқда.

Портлатилган машина ичидаги уч киши ҳам ҳалок бўлган. Хитой расмийлари уларни худкуш ҳужумчилар, деб тахмин этаяпти.

Қурбонлар орасида эса икки нафар филиппинлик ва бир япониялик сайёҳ ҳам бор. Шоҳидларнинг айтишича, автолуовни полиция қувиб келган.

Ҳозир Пекиннинг машҳур Тянанмен майдонида ҳаёт изига тушаётгани айтилади.

Бироқ майдон атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган ва турли намойишчилар тўпланиши тақиқланган.

Уйғурлар гумон остида

Расман гумон қилинаётган уйғурлар борасида бирон баёнот берилмади. Бироқ полиция пойтахт меҳмонхоналари билан боғланиб, шубҳали кўринган меҳмонларни кузатишни сўраган.

Хусусан, Ассошейтед Пресс хабар агентлигининг ёзишича, меҳмонхоналарга тарқатилган номаларда иккита уйғурча исм-фамилия кўрсатилган.

Шинжон-Уйғуристони сўнгги уч йил давомида бир нечта зўравонлик ва миллий низоларга саҳна бўлди.

Хитой расмийлари бу бўлгада террорчи гуруҳлар фаолият олиб бораётганини айтади.

Бироқ фаолларга кўра, миллий ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилаётган уйғурларни Пекин тўғридан-тўғри Исломий жангариликда айблаб, террорга оид айбловлар билан қамоққа ташламоқда ва ё қатл этмоқда.

Хитой сўнгги йиллари Шинжон-Уйғуристонига кўп миллионли ханларни кўчириб келтирган ва уйғурлар ўз юртида озчиликка айланиб қолган.

Бироқ Пекин ҳозир бу бўлгани ривожлантираётгани, янги иш ўринлари яратаётгани ҳақида айтади.

Аммо уйғур фаолларига кўра, яратилаётган иш ўринлари аксаран хан хитойликларга берилмоқда ва кўплаб уйғурлар ё қора ишларни бажаришга, ё тижорат қилишга мажбурлар.

Шинжон хитой тилида "янги ер" деган маънони англатади ва сўнгги бора ХХ аср ўртасида мустақиллик эълон қилган уйғурлар қайтадан Хитой таркибига қўшиб олинганди.

Уйғурлар эса ўз бўлгаларини Шарқий Туркистон, деб аташади.

Азалдан уйғурлар ва қисман, қозоқлар, ўзбеклар ҳамда тожиклар яшаб келган бу бўлга табиий захираларга бой, ҳудуди эса катталиги жиҳатидан Қозоғистон билан беллашади.

Бу мавзуда батафсилроқ