Британия шариатга мос молия юритмоқчи

Image caption Лондон молия оламида шариатга мос иш юритиш кенг йўлга қўйилмоқчи

Британия бош вазири Девид Камерун ҳар вақт "жаҳон билан бирга қадам ташлаш" зарурлигини уқдириб келади.

Мана энди дунёнинг бадавлат мусулмон сармоядорлари маблағларидан ўз давлати наф кўриш йўлида шариатга мос молия юритиш қонун-қоидаларини ҳам қабул қилмоқчи.

Ҳозир аксар мусулмонлар яшовчи Яқин Шарқда пулдор сармоячилар кўп. Бироқ улар шариат қонун-қоидаларини бузмасдан тижорат юритиб, фойда кўришни исташади.

Ғарбдаги мавжуд банк ва молия тизимидаги устама фоиздан фойда кўриш ёки судхўрлик эса Исломда ҳаром қилинган.

Эътиқодга таянган айни амаллар глобал тижорат юритишда муайян қийинчиликларни юзага келтириши мумкин.

Катта миқдорда пул ва улкан тижорий манфаатлар турган жойда эса қайсидир тарафнинг муросаси ана шу тижорат келажагини таъминлайди.

Хуллас, Британия бу ўринда диний фарқлар ва ёки айрим норози овозлар эҳтимолига қарамасдан, шариатга мос банк тизимини кенг йўлга қўйишга чоғланаётган илк ғайримусулмон давлат бўлмоқда.

Иилк босқичда Британия 300 миллион долларга тенг Исломий қимматбаҳо қоғоз ёки сукук чиқаради. Бу Исломий қимматбаҳо қоғозлар ёки сукуклар келаси йилдан чиқарила бошланади.

"Лондон биржаси Шариатга мос иш юритувчи ширкатлар учун махсус кўрсаткичларни йўлга қўйиши ҳам эълон этилади" - дейди Британия ғазнасидан вазир Сожид Жовид.

"Девид Камеруннинг умид қилишича, Британия шариатга мос молия тизимини йўлга қўйиб, Исломий банк соҳасида дунёнинг етакчи нуқтасига айланади ва кўплаб хорижий сармоядорларни жалб эта бошлайди".

Бу сафарги Жаҳон Исломий Иқтисодиёт Форуми ҳам Лондонда ўтмоқда ва шу асно Британия айни форумга мезбонлик қилаётган илк номусулмон давлати бўлаётир. .

Сўнгги йиллари қатор мусулмон мамлакатларида кузатилаётган иқтисодий ўсиш ва Яқин Шарқ давлатларининг табиий захираларга бойлиги боис кўплаб мамлакатлар ҳамда йирик ширкатлар Исломий банк тизимига мос ишлашга мажбур бўлишлари мумкин.

Малайзия, Индонезия ва Туркия каби дунёвий мусулмон ўлкаларида аллақачон шаръий молия тизимини қўллаш йўлида илк қадамлар қўйилмоқда. Афтидан, эндиликда айрим ғайримусулмон мамлакатлар ҳам молия соҳасида шариат қонун-қоидаларини қабул қила бошлашлари мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ