Исроил Суриядаги ҳарбий базага ҳаводан ҳужум қилган

Исроил бундан олдин ҳам Сурияга ҳаводан ҳужум қилган
Image caption Исроил бундан олдин ҳам Сурияга ҳаводан ҳужум қилган

Исроил ҳаво кучлари Латакия шаҳридаги Сурия ҳарбий базасига ҳужум қилган. Ушбу хабарни АҚШдаги расмий шахс тасдиқлади. Ҳужум нишони Россияда ишлаб чиқилган ракета қурилмалари бўлган.

Америка расмий мулозимларининг айтишича, учоқлар Ливаннинг Ҳизбуллоҳ жангариларига мўлжалланган Россияда ишлаб чиқарилган ракета қурилмаларини нишонга олган.

Исроил ва Сурия вакиллари ушбу хабарларга бирор изоҳ бермаган.

Бир кун олдин Латакия шаҳридан унча узоқ бўлмаган жойда портлашлар бўлгани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Бу ҳақда асосан Британияда жойлашган “Инсон ҳуқуқларини кузатувчи Сурия маркази” хабар берган. Бироқ ушбу портлашларнинг сабаби борасида маълумот йўқ эди.

Америка ҳукуматининг хабарига кўра ҳаво ҳужумлари чоршанбадан пайшанбага ўтар тунда содир бўлган.

Латакия – Суриянинг муҳим бандаргоҳ шаҳри ҳисобланади. Бу ерда алавийлар жамоати кучли мавқеъга эга. Шаҳар президент Башар Асаднинг таянч нуқтаси сифатида кўрилади.

Конференция арафасида

Америка раҳбариятидан исмини ошкор қилмаган расмийнинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мақсад Россияда ишлаб чиқилган С-125 “Нева” – кичик радиусли масофага мўлжалланаган зенит-ракета мажмуаси бўлган.

Исроил шу йилнинг ҳисобидан Сурия ҳудудига турли объектларга ҳаводан камида 3 марта ҳужум қилган.

Би-би-сининг Байрутддаги мухбири Жим Мюирнинг таъкидлашича, Исроил ҳаво кучларининг Россия ракета қурилмаларига ҳужуми АҚШ ва Россия биргаликда Суриядаги вазиятни тинч йўллар билан ечишга қаратилган конференция чақираётган вақтга тўғри келган.

Исроил ҳарбийлари Сурия қуроллари, жумладан, кимёвий қуроллар экстремист гуруҳларнинг қўлига тушиб қолиши мумкинлигидан воқиф бўлса қўл қовуштириб ўтирмаслигини бир неча маротаба таъкидлаган.

Россия Асад режимининг муҳим иттифоқчиларидан бири бўлиб қолмоқда. Россия қуроллари Сурияда бўлаётган уруш давомида ҳукумат кучларига етказилиб берилмоқда.

БМТ маълумотларига кўра Суриядаги жанглар давомида 100 мингдан ортиқ одам ўлган.