Туркияда депутат аёллар ишга ҳижобда келишди

Image caption Депутатлар аёлларни ушбу кундан эсдалик учун суратга туширишган.

Туркия парламентининг тўрт депутат аёли Анқарадаги мажлисга бошларида рўмол билан кириб келишган.

Бу 1999 йилдан буён рўмоллик депутатлар билан юз бераётган биринчи воқеадир.

Бу аёллар исломий қарашлари билан таниқли бошқарувдаги "Адолат ва тараққиёт" партияси вакиллари ҳисобланишади.

Партия Туркияда тақиқланган Ислом партиясининг собиқ мўътадил консерватив қанот аъзолари томонидан 2001 йил ташкил қилинган бўлиб, уни дунёвий давлатчилик тамойилларидан чекиниш ва исломийликда айблашади.

Сентябр ойида эса Туркияда давлат идораларида ишловчи аёлларнинг рўмол ўраб келишларига тақиқ бекор қилинган эди.

Бу тақиқ ўз вақтида Туркияда исломий ҳуқуқ нормалари ва дунёвий давлат тарафдорлари ўртасида қаттиқ курашни келтириб чиқарган.

"Мен энди ҳеч қачон ҳижобни ташламайман,- деб айтади депутатлардан бири Кўнул Бекин Сахкулубей.- Ўйлайманки, менинг қарорим ҳурмат қилинади". Ҳижобга тақиқни қувватлаган депутатлар фикрича, депутат-аёлларнинг ҳижобларда пайдо бўлиши Турк жамиятида ҳижоб ўрашнинг бир изга тушишини енгиллаштиради.

Айни пайтда Мухолифдаги Республика халқ партияси вакили Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон бошқарувидаги партияни мамлакатнинг дунёвий конституцияга амал қилмасликда айблаб чиқди.

У шунингдек, мажлисда аёлларнинг ҳижобда келиши кейинги йилда бўлиб ўтадиган сайлов олдидан қилинаётган ҳаракат эканлигини айтди.

1999 йил депутат аёлларнинг мажлисга ҳижобда келиши ҳукумат томонидан маъқулланмаган.

Ўшанда парламентга сайланган Марва Кавакчи қасамёдни рўмол ўраб қилмоқчи бўлганида мажлисдан чиқариб юборилади.

Шу йилнинг сентябрида Бош вазир Эрдўғон қатор сиёсий ислоҳотлар амалга оширилишини эълон қилган. Булар жумласига курдларга янги фуқаролик ҳуқуқлари бериш ва ҳижобга тақиқ бекор қилиниши бўлганди.

Эрдўғон ушбу қадамни тарихийлигини таъкидлаган.

Бироқ суд, прокуратура, полиция ва ҳарбий соҳаларда ишловчи аёллар учун ҳижобга тақиқ ўз кучида қолган.

Бу мавзуда батафсилроқ