Яремчега мобил алоқа керакми?

Украинанинг Яремче шаҳарчасида яшайдиган айрим кишилар мобил алоқа хизматини қайта тиклаш сўрови билан имзо йиғишни бошлаганлар.

Чунки шаҳар кенгаши "мобил алоқа антенналарининг аҳоли саломатлигига зарар етказаётгани" муносабати билан октябр ойи бошида Яремче ҳудудида мобил алоқани тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Шундан кейин МТС-Украина ва "Киевстар" мобил алоқа ширкатлари ўзларининг бу шаҳардаги база станцияларини ўчириб қўйишга мажбур бўлган эдилар.

Яремче шаҳар кенгашидан айтишларича, бундай қарор қабул қилишларига маҳаллий аҳолининг шикоятлари туртки берган.

Одамлар мобил алоқа база станциялари тарқатаётган радиация ўзларининг саломатликларига таъсир қилаётганидан шикоят қилганлар.

Натижада Карпат тоғи этакларидаги қишки дам олиш шаҳри бўлган Яремчедаги 8000 атрофидаги аҳоли, бу шаҳардаги тиббиёт, фавқулодда ҳолатлар, ёнғин ўчириш ва ички ишлар бўлими сингари ҳаётий муҳим хизматлар ҳам қисман ўз алоқаларидан маҳрум бўлганлар.

Айрим замонавий технология мухлислари бундай "аҳмоқона" қарордан ғазабларини яширмаяптилар.

Уларнинг айтишича, шаҳарнинг айрим жойларида "Киевстар" ширкатининг сигналини мобил телефонлар тутади, бироқ Ўзбекистонда МТС бир кеча-кундузда "ғойиб бўлганидан" кейин "Билайн" тармоғида кузатилгани каби, "Киевстар"да сўзлашаётганлар сони ҳаддан кўпайганидан бу алоқадан фойдаланиш имконсиз бўлиб қолган.

МТС-Украина ва "Киевстар" ширкатларидан маълум қилишларича, Яремче шаҳар кенгашининг "ярамас" қарори устидан маҳкамага мурожаат қилганлар.

Бироқ ҳозирча маҳкама куни белгилангани йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ