'Ўғил ва қиз болалар бир ётоқхонада яшамаслиги керак'

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон ўқув юртларининг ётоқхоналарида ўғил ва қиз болалар бир жойда яшамасликлари керак деган ғоясини ҳимоя қилиб чиққан.

Ушбу режа аҳолисининг аксари мусулмон, лекин дунёвий давлат ҳисобланган Туркия жамиятида норозиликларга ҳам сабаб бўлган.

Жаноб Эрдўғон ўз партияси - "Адолат ва Тикланиш" партиясидан сайланган парламент аъзолари билан суҳбатда ўз режасини ҳимоя қилган.

"Биз давлатга тегишли турар-жойларида қизлар билан ўғил болаларнинг бирга яшашларига йўл қўя олмаймиз. Бирга бўлганда ҳар нарса бўлиши мумкин. Бизга оилалар шикоят билан мурожаат қилишаяпти ва биздан бунинг олдини олишимизни сўрашаяпти. Олдини олиш бизнинг вазифамиз", деб айтган Бош вазир Эрдўғон.

"Менинг қадриятларим бу нарсага изн бермайди", дея қўшимча қилган партиясидаги сафдошлари олдида гапирган Ражаб Тойиб Эрдўғон.

У илк бор ушбу ғояни бир ҳафта олдин Туркиядаги қудратдаги "Адолат ва Тикланиш" партияси аъзоларининг ёпиқ эшиклар ортида ўтган мажлисида илгари сурган эди.

Туркия матбуотининг жаноб Эрдўғондан иқтибос қилишича, "аёл ва эркак талаба бир бинода яшаши мумкин эмас. Бу бизнинг анъанадор-демократик тузумимизга зиддир".

Жаноб Эрдўғонни яна дунёвий давлатга ўзининг исломий қадриятларини зўрлаб киритишга уринишда айблаб чиқишди.

Айниқса, Twitterда ушбу мавзу энг қизғин баҳс-мунозара, ғазабга сабаб бўлган мавзуга айланди.

@kanturasoyu исмли Twitter ўқувчиси шундай ёзган: "Жаноб Бош вазир! Сиз бир жинсли ётоқхона масаласини худди мамлакатни хиёнаткорликдан озод қилган одамдай кўтараётганингиз қизиқ".

Бошқа бир фойдаланувчи @delisalvoo ёзади: "Хиёнаткорлик мамлакатда эркин! Анъанадорларнинг иккитадан хотини бор! Болаларни жинсий зўрлаш эркин! Аёлни ўлдириш эркин! Бироқ қўш жинсли ётоқхоналар тақиқланган".

Туркияни 10 йилдан ортиқ вақтдан буён бошқариб келаётган Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон танқидчиларига кўра, унинг "Адолат ва Тикланиш партияси" Туркияни тобора анъанадор Ислом тарафга силжитиб бормоқда, натижада Туркия жамиятида қутблашиш кучаймоқда.

Шу йил май ойида "Адолат ва Тикланиш партияси" кўп жойни эгаллаган Туркия парламенти алкоголли ичимликларни сотиш ва тарғиб қилишни тақиқлаган қонунни маъқуллаб овоз берган.

Бу Туркия тарихидаги энг қаттиқ чора деб кўрилган.

Сентябр ойида эса Туркияда узоқ вақтдан буён тақиқда бўлган рўмолли аёлларнинг жамоат жойларида бўлиши қонуни ҳам бекор қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ