Филиппин: қутқарув ва кўмак амалиётлари ҳаддан зиёд мушкуллашган

Image caption Табиий офат туфайли баъзи одамлар барча яқинларидан айрилган.

Филиппинда тўхтамаётган ёғингарчилик ва аксар аҳоли масканларининг узилиб қолгани Хаян тўфонидан омон қолганларни қутқариш ва уларга мўлжалланган ёрдамларни етказиш ишларини имконсиз қилмоқда.

Табиий офат кўлами тобора аёнлашиб бормоқда.

Камида 10 минг инсон тўфон қурбони бўлган деган хавотирлар билдирилмоқда.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун халқаро ҳамжамиятдан кўмак кўрсатишни сўраганидан кейин АҚШ ва Британия ҳарбий кемалари Филиппинга йўл олган.

БМТ бош котиби ҳаддан зиёд аянчли тўфон оқибатлари акс этган фотосуратларни намойиш этган.

Жаноб Пан муҳтожларга 25 миллион долларлик ёрдам юборишга қарор қилинганини айтган.

Филиппин Президенти Бенино Акуино мамлакатни табиий офат ҳолатида деб эълон қилган.

Унинг баёнотида мамлакатнинг Лейте ва Самар вилоятлари энг кўп зарар кўрган вилоятлар экани айтилган.

Филиппиндаги Қизил Хоч ташкилоти раҳбари Хайян тўфони етказган вайронагарчиликларни "мутлақ саросимали" деб таърифлаган.

Минглаб одамлар бошпанасиз қолишган.

Би-би-си мухбирининг хабар қилишича, Таклобан шаҳри ер билан яксон бўлган.

"Шаҳарнинг асосий кўчаси бўйлаб автомобилда ўтарканман, бирон бир бино тик қолмаганини кўраман", дейди Би-би-си мухбири.

Одамларнинг айтишларича, жума куни тўфон билан келган сув девори шаҳарни ғарқ қилган.

"Жасадлардан чиқаётган қўланса ҳид атрофни тутган. Аэропортдан келаётиб, йўл бўйида жасадлар тизилиб ётганини кўрдим. Уч кундан бери уларни кўмадиган одам йўқ", дея хабар қилади Би-би-си мухбири Жон Доннисон.

Омон қолганларга зудлик билан озиқ-овқат, тоза ичимлик суви ва бошпана зарур. Халқаро ёрдамлар етиб бораётгани, бироқ ўта суст экани айтилади.

Аммо, йўллар ва ҳаво қўнолғаларига зарар етгани қутқарув саъй-ҳаракатларига халақит бермоқда.

Ниҳоятда катта зиён етган аэропорт шифохонага айлантирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ