Олмония: масжид қурилишига чўчқа калласи билан қаршилик қилинмоқда

Олмониянинг Лейпциг шаҳрида қурилиши мўлжалланган масжид лойиҳаси неонацистларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Пайшанба куни масжид қурилиши учун ажратилган ҳудудда чиққан кичик ёнғинга чақирилган ўт учирувчилар бешта қонга беланган чўчқа калласига юзма-юз келишди.

Чўчқа боши неонацистларнинг одатий норозилик қуроли бўлиб, одатда у яҳудийларга қарши ишлатилади.

Шу ой бошида Украинада қурилиши кутилаётган синагог ҳудудида чўчқа боши ташлаб кетилган.

Лейпцигда эса, афтидан нишон мусулмонлар бўлишган. Чўчқа гўшти ҳам мусулмонлар, ва ҳам яҳудийларлар учун ҳаром ҳисобланади.

Лейпциг собиқ Шарқий Олмониянинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, унда 10 минг атрофида мусулмонлар истиқомат қилади.

Leipziger Volkszeitung газетасига кўра, бу бутун шаҳар аҳолисининг 2 фоизига тенг.

Image caption Лойиҳа

Аввалроқ неонацистлар гуруҳи, хусусан Олмон Миллатчи Партияси (NPD) масжид лойиҳасига қарши норозилик намойишини ўтказишга уринганди, бироқ чап қанот вакиллари намойиш уюштириб уларнинг режасини барбод қилгандилар.

Лейпциг Шарқий Олмониянинг сиёсий жиҳатдан муҳим шаҳарларидан биридир. Олмон хавфсизлик хизмати Штазининг қароргоҳи Совуқ уруш даврида айнан мана шу шаҳарда жойлашган.

Лейпцигда масжид қурилиши нафақат неонацистлар, балки бошқа баъзи мўътадил томонлар наздида ҳам мубоҳасали масаладир.

Шаҳарда бошқа масжид мавжуд, аммо янги масжид 13 метрли минораларга эга бўлиши режаланган. Қўшни биноларга соя солмайдиган митти масжиднинг биноси атиги 10 метр баланд бўлиши лойиҳаланган.

У Аҳмадия жамоаси томонидан қурилиши кутилади.