Маргвелашвили Гуржистон президенти сифатида қасамёдга келтирилди

Гуржистондаги сўнгги президентлик сайловида ғалаба қозонган Георгий Маргвелашвилининг инаугурация маросими ўтказилган.

Янги президентни қасамёдга келтириш маросими пойтахт Тбилисидаги эски парламент биносида бўлиб ўтган.

Инаугурация маросимидан фоторепортажни томоша қилинг

Гуржистонда 2013 йил 27 октябрида ўтказилган президентлик сайловида ҳозир қудратда бўлган "Гуржистон орзуси" коалицияси номзоди Георгий Маргвелашвили 62 фоиздан зиёд овоз тўплаб ғалаба қозонган.

Унинг рақиби, собиқ президент Михаил Саакашвилининг "Ягона Миллий ҳаракат"и илгари сурган Давид Бакрадзе 22 фоиз овоз йиққани хабар қилинган.

Георгий Маргвелашвили 44 ёшда, Тбилиси университетининг фалсафа факультетини тамомлаган.

Маргвелашвили Шўролар Иттифоқи парчаланганидан кейинги Гуржистон тарихидаги тўртинчи президент бўлди.

Бунгача Звиад Гамсахурдиа, Эдуард Шеварднадзе ва Михаил Саакашвили президентлик лавозимини эгаллаганлар.

Мухбирлар бу галги Гуржистондаги президент алмашуви тинч йўл билан ўтганига эътибор қаратмоқдалар.

Қонли ҳодисалар ортидан Звиад Гамсахурдиа ҳокимиятдан ағдарилган.

2003 йилдаги Саакашвили раҳбарлигидаги "Атиргул инқилоби" деб ном берилган мухолифатнинг оммавий норозиликлари Эдуард Шеварднадзени ҳокимиятдан воз кечишга мажбур қилган эди.

Михаил Саакашвили эса икки муддат президент бўлди.

Бироқ жаноб Саакашвили ҳокимиятининг охирги йили унинг учун қийин бўлди.

2012 йил охирида ўтказилган парламент сайловида Саакашвилининг мухолифлари бўлган "Гуржистон орзуси" парламентда кўп жойни эгалладилар ва ўз ҳукуматини туздилар.

Охирги бир йил президент билан Бош вазир Бидзина Иванишвили ўртасидаги таранглик билан кечди.

Ўтган йили октябрида коалицион ҳукумат Георгий Маргвелашвилини Бош вазир ўринбосари, маориф ва илм-фан вазири этиб тайинлаган.

Янги президент инаугурациясидан олдин Гуржистон расмийлари маросимда 53 мамлакат расмий ҳайъатлари аъзолари иштирок этишлари ҳақида хабар тарқатган эдилар.

Бу мавзуда батафсилроқ