Саудия Арабистони Сурияда "Ислом армияси"ни дастаклашга тайёр

Image caption "Ислом армияси" жангчиларига энг замонавий қуроллар билан бирга танкка қарши ракеталаргача берилиши мумкин.

Британиянинг "Гардиан" рўзномаси ёзишича, Саудия Арабистони Башар ал-Ассад тузумига қарши 43 гуруҳдан ташкил топганини таъкидлаётган "Ислом Армияси"ни қуроллантиришга миллионлаб доллар сарфлашга тайёр.

Бундан мақсад, Башар ал-Ассад мухолифларини бирлаштириш ва "Ал-Қоида" билан рақобатлаша оладиган ҳаракат барпо қилиш дейилади.

Таҳлилчилар бу ҳаракатни Саудия подшоҳлиги томонидан Ғарбга хориж мужоҳидларини мўътадил Сурия мухолифати сифатида сотиш, деб атайдилар.

Британия нашри маълумотларига кўра, Саудия ҳукумати мужоҳидларни Покистон ёрдами билан ўқитишни режалаштирган.

Баъзи ҳисобларга кўра, Ислом армияси 5 мингдан 50 минггача жангарини ўз ичига олади.

Уларга энг замонавий қуроллар билан бирга танкка қарши ракеталар ҳам берилиши мумкин.

Бу режага Қўшма Штатлар ҳали рози бўлганича йўқ.

Саудия жосуслик хизмати раҳбари, шаҳзода Бандар бин Султон АҚШни кўндиришга уринмоқда, деб ёзади "Гардиан".

Саудия Арабистони Иорданияга ҳам босим ўтказиб, транзит йўл сифатида ўз ҳудудидан фойдаланишга рухсат беришни сўрамоқда.

Шу билан бирга Саудия "Ислом армияси"ни Озод Сурия армияси ҳарбий кенгаши, Сурия инқилобчилари ва мухолиф кучлари Миллий коалицияси сафига киришини истайди.

"Ислом армияси"ни "Лива ал-Ислом"гуруҳининг собиқ етакчиси Захран Аллуш бошқаради.

Захран Аллуш "Ислом армияси"ни молиявий таъминлаб турган саудиялик бизнесменлар билан музокаралар ўтказган.

Шунингдек, Туркияда Қатар Ташқи ишлар вазири Холид-ат-Таний ва АҚШ элчиси Роберт Форд билан ҳам учрашган.

"Ислом армияси" раҳбарлари таъкидлашича, уларнинг Ал-Қоидага алоқаси йўқ, яъни бу гуруҳ жиҳодчи бўлмаган исломий ва салафий жангариларни ўз ичига олган.

Саудия Арабистони дастаклайдиган "Ислом армияси" ҳам Сурия тузумига, ҳам "Ал-Қоида" жангариларига қарши курашади.

Бироқ Дин ва сиёсат институти раҳбари Александр Игнатенкога кўра, Қатар ва Саудия Арабистони Озод Сурия армияси, "Ал-Қоида"га алоқадор деб кўриладиган "Ан-Нусра жабҳаси" ва "Ислом давлати" гуруҳлари учун камида 15 миллиард доллар сарфлаган.

Айни пайтда Сурия шимолида "Ислом армияси"га рақиб "Муҳаммад армияси" ҳаракати фаолият олиб бораётгани айтилади.

Таҳлилчиларга кўра, Саудия Арабистони "Ислом армияси"ни Сурия режимини ағдаришга қодир куч қилиб кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

Бироқ бу гуруҳ аралашуви билан Сурия можароси енгиллашишига Ғарбни ишонтира олганича йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ