Юлия Тимошенкога хорижда даволанишга рухсат берилмади

Image caption Мухолифатга кўра, ҳукумат мамлакатни овроинтеграцияга қўшилишини барбод қилган.

Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко Олмониянинг "Шарите"касалхонасига даволанишга бормайди.

Олий Рада собиқ бош вазир Юлия Тимошенкога Олмонияга бориб даволаниш имконини берадиган олти қонун лойиҳасини тасдиқламаган.

Қонун лойиҳалари талаб қилинган 200 дан ортиқ овозни йиға олмаган. Коммунистлар фракцияси қонун лойиҳасига умуман овоз бермаган.

Олти қонун лойиҳаси учун овоз бериш 10 дақиқа давом этгани айтилади. Овоз бериш тугагач, мухолиф аъзолари норози бўлиб қичқиришган.

Мухолифатга кўра, ҳукумат мамлакатни овроинтеграцияга қўшилишини барбод қилган.

Оврўпо Иттифоқи ёз ойларидан бери Юлия Тимошенкони керакли муолижани олиш учун хорижга боришига рухсат беришни талаб қилиб келаётганди. Акс ҳолда бу Украинанинг Оврўпо Иттифоқи билан келишув ҳаракатларига таъсир кўрсатиши айтилган.

Оврўпо Иттифоқи Тимошенко устидан қўзғатилган ишни сиёсий сабабларга асосланган, деб ишонади ва бу иш иттифоқ билан Украина раҳбарияти ўртасидаги муносабатлар совушига сабаб бўлди.

Олмония Юлия Тимошенконинг саломатлигини текшириш учун ўз шифокорларини бир неча марта Киевга юборди ва Тимошенко хонимнинг даволаниш учун Олмонияга чиқишига рухсат берилиши зарурлигини айтган.

Юлия Тимошенко умуртқа поғонасидаги хасталик туфайли эркин ҳаракатланолмаётгани хабар қилинган.

Айни пайтда Юлия Тимошенко Харковдаги касалхонада даволанишни давом эттирмоқда. Тимошенко хоним Качанов қамоқхонасидан бел оғриғи кучайгани туфайли касалхонага ўтказилган.

Тимошенко 2011 йилда етти йиллик қамоққа ҳукм қилинган. Собиқ бош вазир 2009 йил Россия билан келишув имзолаётган пайт хизмат вазифасини суиистеъмол қилганликда айбдор топилган.

"Россияга Киевда россияпараст раҳбар керак эди. Миллий манфаатлар сиёсий мақсадга мувофиқлик билан алмаштирилган", деб айтган Украинанинг собиқ президенти Виктор Юшченко Киевда собиқ бош вазир Юлия Тимошенко устидан ўтган маҳкамада.

Президентлик сайловларидан сўнг ҳокимиятга Виктор Янукович келгач, Тимошенко имзолаган газ шартномаси Украина учун фойдали эмас, деб баҳоланган. Лекин уни бекор қилиш ҳаракатлари муваффақиятли бўлмаган.

2013 йилда ҳам Украина Россиядан олинадиган газнинг минг кубометрини 400 долларга яқин баҳода сотиб олишга келишди.

Бу мавзуда батафсилроқ