Туркия Миср элчисини мамлакатдан чиқариб юборди

Image caption Мисрликлар ҳам Туркия элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказганлар.

Туркия ҳукумати Абдураҳмон Солиҳ ал-Диннинг мамлакатда исталмаган шахсга айланиши бундан олдин Мисрнинг Туркия элчисини Қоҳирадан чиқариб юборганига жавоб эканини айтган.

"Дўст ва қардош Миср тез орада барқарорлик ва демократияни тиклашига умид қиламиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар табиий измига тушади", деб айтилади Туркия Ташқи Ишлар вазирлиги баёнотида.

Миср ўз ўрнида элчининг чиқариб юборилишини унинг мамлакати Мисрдаги жамоатчилик фикрига салбий таъсир кўрсатишга урингани, вазиятни беқарорлаштиришга ҳаракат қилаётганларни қувватлагани учун, деб изоҳлаган.

Шунингдек, Қоҳирадаги Туркия элчиси уч-тўрт маротаба Миср Ташқи Ишлар вазирлигига чақирилиб, ундан Туркиянинг Мисрдаги вазиятга доир мурожаатларини тушунтириб бериш сўралган.

Туркия Муҳаммад Мурсий ҳукумати сиёсатини қўллаб-қувватлаб келган давлатлардан ҳисобланади.

Шу боисдан бир неча бор демократик сайланган президент Муҳаммад Мурсийнинг ағдарилиши ва намойишчиларнинг ўлдирилишини қаттиқ танқид қилган, Миср эса Туркияни мамлакат ички ишларига аралашмасликни сўраган.

Шу йилнинг август ойида ҳам икки мамлакат элчилари ортига қайтарилган. Сентябр ойида Туркия элчиси Қоҳирада қайта иш бошлаган эди.

Расмий Анқара ва Қоҳира ўртасидаги муносабатлар Муҳаммад Мурсийнинг қудратдан кетказилиши ортидан ёмонлашгани кузатилди.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан кетиши давлат тўнтарилиши эканини айтиб, собиқ президентни ҳибсдан озод қилишга чақиргани Миср ҳукуматига ёқмади.

Муҳаммад Мурсий 2013 йил июл ойида генерал Абдулфаттоҳ ал-Сиси бошчилигидаги ҳарбийлар томонидан ағдарилди. Сўнгра Мурсий тарафдорларининг норозилик намойишида собиқ президентнинг юзлаб тарафдорлари ўлдирилди. Миср ҳукумати эса тинч намойишчиларни террористлар, давлат асосларини қўпоришга уринувчилар деб атади.

Айни пайтда 4 ноябрда маҳкамага тортилган Мурсий ва "Мусулмон Биродарлар" аъзолари 2012 йил декабридаги норозилик намойишидаги саккиз иштирокчи ўлимида айбланишмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ