Афғонистон: Лойа-жирга АҚШ билан келишувни маъқуллади

Image caption Оқсоқоллар кенгашида Афғонистондаги турли миллат ва қавмларнинг икки мингдан ортиқ вакили қатнашади.

Афғонистонда оқсоқоллар кенгаши-Лойа Жирга АҚШ билан хавфсизлик масалалари бўйича келишувни маъқуллаб овоз берган.

Ушбу келишув 2014 йилда халқаро кучлар мамлакатни тарк этгандан сўнг минглаб америка ҳарбийларининг Афғонистонда қолиб, хавфсизлик масалаларида кўмаклашишига имкон беради.

Лойа Жирга президент Ҳомид Карзайни шу йил охиригача бу келишувни имзолашга чақирди.

Олдинроқ Ҳомид Карзай битимни имзолашни президент сайловларигача, яъни 2014 йил апрелигача кутишини айтганди.

Оқ Уй учун Афғонистонда 2014 йилдан кейин қанча аскари қолишини аниқлаш учун ўзаро келишувни тезлаштириш муҳим саналади.

Америка ҳарбийлари Афғонистонда жиноят содир этган тақдирда уларни Америка қонунлари бўйича маҳкамага тортиш кўрсатилган.

Бу баҳсли масалалардан бири бўлиб, Афғонистон томони ўз фуқароларига нисбатан қотиллик ва бошқа жиноятларни содир этган америкалик аскарларни мамлакат ичида маҳкамага тортиш истагини билдирган.

Тўртинчи кун давом этаётган Лойа жирға мажлиси ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда.

Президент Карзай бир неча бор АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан телефон орқали гаплашган.

Шунингдек Президент Обама Афғонистон мустақиллиги, ҳуқуқ ва анъаналарини ҳурмат қилинишига ваъда берган.

Карзай жанобларига кўра, Россия, Хитой, Ҳиндистон каби қатор қудратли давлатлар Афғонистон хавфсизлиги учун муҳим бўлган келишувни қувватлаганлар.

Лойа Жирга тасдиқлаган келишув мамлакат парламенти томонидан ратификация қилиниши лозим бўлади.

АҚШ ва Афғонистон ўртасидаги хавфсизлик битимига асосан чекланган Америка кучлари Афғонистонда 2024 йил охиригача қолиши кутилади.

Бу мавзуда батафсилроқ