Эрон ядровий дастури музокараларида 'илк муҳим қадам' қўйилди

Женевадаги музокараларда Эрон айрим жазо чоралари енгиллаштирилиши эвазига ўз ядровий дастурини жиловлашга рози бўлган.

Ядровий қурол ясаяпти деб Эронга нисбатан жорий қилинган санкциялар енгиллаштирилишидан расмий Теҳрон 7 миллиард долларча маблағни ютади.

АҚШ Президенти Барак Обама ҳам, Эрон расмийлари ҳам Женева келишувини "илк муҳим қадам" деб таърифладилар.

Президент Ҳасан Руҳоний ушбу келишувни Эроннинг ядровий "ҳуқуқларининг эътироф этилиши" деб атаган.

Эрон давлат телевидениеси намойиш этган Президент Руҳонийнинг чиқишида у мамлакати ҳеч қачон ядровий қурол барпо этмайди, деб айтган.

Йиллар давомида расмий Теҳрон Ғарб мамлакатларининг ядровий қурол барпо этиш йўлларини қидираётгани ҳақидаги даъволарини рад этиб келади.

Эрон ўзининг ядровий дастуридан кўзланган мақсад электр энергияси ишлаб чиқариш эканини таъкидлаб келади.

Женева шаҳрида 24 ноябр якшанба куни тонгигача давом этган музокараларда бир келишувга келинган.

Эрон ядровий дастури юзасидан мулоқотлар АҚШ, Британия, Россия, Франция, Хитой ва Олмония сиёсатчилари билан ўтказиб келинади.

Илк келишувга кўра, Эрон уранни 5 фоиздан ортиқ тўйинтирмайди.

5 фоиздан зиёд тўйинтирилган урандан ядровий қурол барпо этишда фойдаланиш мумкин.

Уранни бойитиш учун янги центрифугалар ўрнатилмайди.

Халқаро назоратчиларнинг Эрон ядровий иншоотларига киришларига кенгроқ рухсат берилади.

Томонлар келишувида айтилишича, агар олти ой давомида Эрон ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаса, яна жазо чоралари қайта тикланиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ