Украина ОИ ва Россия ўртасидаги "жанг майдонига айланиши мумкин"

Image caption Оврўпопараст намойишчилар Украина ҳукуматининг ОИ билан савдо ва ҳамкорлик битимини имзоламаслик борасидаги қароридан дарғазаб

Украина Бош вазири Николай Азаров мамлакати Оврўпо Иттифоқи ва Россия ўртасидаги жанг майдонига айланиши мумкинлигидан ташвиш изҳор этган.

Унинг баён қилишича, Росия билан Украина ўртасидаги молиявий кўмак ҳақидаги битим ҳозирга қадар имзолашга тайёр эмас.

"Россия бизга кафолат бераётгани йўқ, Оврўпо ҳам бизга кафолат бераётгани йўқ, наҳотки биз жанг майдонига айланган бўлсак?", - деб айтган бош вазир хорижий журналистлар билан учрашув чоғида.

Унинг сўзларига кўра, президент Виктор Янукович шу ҳафта Вилнюсда бўлиб ўтажак саммитда иштирок этади ва у ерда Украина иқтисоди юз тутаётган муаммолар юзасидан Россия билан уч томонлама музокараларни бошлаш эҳтимолларини муҳокама қилиш ниятида.

"Декабр ойи бошида биз музокаралар столига ўтирамиз ва Россия билан муносабатларимизни қайта кўриб чиқиш бўйича режа ишлаб чиқамиз," - деб айтган Украина бош вазири.

Намойишлар давом этмоқда

Айни дамда Киевда Оврўпо Иттифоқи билан интеграция тарафдорларининг норозилик намойишлари давом этмоқда.

Бош вазир биноси қаршисида тўпланган 150 нафарга яқин инсон бош вазир Николай Азаровдан истеъфога чиқишни талаб қилишмоқда.

Оврўпо Иттифоқига қўшилишни истаганлар Незалежност Майдонига жам бўлганлар. Бир неча ўн киши тунни айни майдонда ўтказишган; Майдоннинг Оврўпо қисмига чодирлар шаҳарчасини қурган мухолиф партиялар намояндалари тахминан 80 нафар атрофида эди, дея хабар беради "Интерфакс-Украина" ахборот агентлиги.

Ижтимоий тармоқларда бефарқ бўлмаганлардан майдонга иссиқ либослар келтириш сўралмоқда.

Киевдаги Оврўпо Майдонида кеча тунда бир неча минг намойишчи "Беркутом" махсус гуруҳи аъзолари билан тўқнашувлар юз берганди.

Тўқнашувлар мухолифатдан бўлган парламент вакиллари майдонда овоз эшитиш жиҳозлари жойлаштирилган автобусни топишлари ортидан бошланган.

Айни дамда Украина хавфсизлик хизмати кеча намойишчилар томонидан қўлга киритилган автобус унга тегишли эканини маълум қилган. Хавфсизлик хизматида бу қонунбузарликни текшириш талаб қилинмоқда.

"Шу йилнинг 25 ноябрида Киевдаги Оврўпо Майдонида шахси ноаниқ кимсалар Украина Хавфсизлик Хизматига тегишли хизмат машинасига ҳамла қилганлар", - дейилади Хавфсизлик Хизмати веб саҳифасида эълон қилинган баёнотда.

Украина Хавфсизлик Хизмати тарқатган маълумотга кўра, тартиббузарлар техникани қўлга киритганлар, транспортга зарар етказганлар ва ўз вазифаларини ижро этаётган хавфсизлик хизмати ходимларига жароҳат етказганлар.

Би-би-си Украина хизмати мухбирлари хабаб беришича, тўқнашувлар мухолифатчилар автобусни қўйиб юборгач тўхтаган.

Мухолифат вакиллари бу автомобилдан мухолифат штабида бўлган суҳбатлар ёзиб олинганини даъво қилишмоқда.

Якшанба кунги чиқишлар 2004 йил Норинж инқилобидан бери энг йирик йиғин бўлгани айтилмоқда.

Намойишчилар ҳукумат Оврўпо Иттифоқи билан савдо ва ҳамкорлик битимини имзоламаслик борасидаги қароридан ғазабланишган.

Россия Украинани ўзи ва яна икки собиқ Шўро давлати - Беларус ҳамда Қозоғистон ўртасида тузилган Божхона иттифоқига киришга ундаган.

Бу мавзуда батафсилроқ