Британия Оврўподан муҳожирлар оқимини камайтирмоқчи

Британия Бош вазири Давид Кэмерон "нафақа учун муҳожирлик"ка қарши кампания бошланганини билдирди.

Унинг айтишича, бундан кейин Оврўпо Иттифоқи давлатларидан келувчилар солиқ тўловчилар ҳисобидан муддатсиз ҳимоя олиш имконига эга бўлишмайди.

Шунингдек жаноб Кэмеронга кўра, британияликлар Болгария ва Руминиядан катта миқдордаги муҳожирлар сонидан хавотир билдирганлар.

Британия Бош вазири Оврўпо Иттифоқи худудида эркин жойлашиш принципларини шубҳа остига олган. Унинг фикрича, берилган бу имкон "мислсиз миграция"га олиб келди ва бу ҳуқуқ " ҳеч бир шартсиз" қолдирилиши энди мумкин эмас.

Жаноб Кэмерон 2015 йилдаги сайловларда консерваторлар ҳокимиятда коалициясиз қолишга эришсалар, Британияга ҳозирги ва келажакдаги Оврўпо Иттифоқи давлатлари билан чекланган муҳожирлик тартибини жорий килиш ниятида эканини айтган.

Британия Бош вазирининг бу таклифи Оврупо Иттифоқи комиссари Ласло Андор томонидан танқид қилинди.

Оврўпо комиссияси Британия сиёсатчилари Оврўпо мамлакатларидан келаётган муҳожирларнинг кўпи ёш, меҳнатсевар ва Британия иқтисодига нафақа олаётганидан кўра кўпроқ фойда бераётганини тан олишни истамаётганидан таъжубда.

Оврўпо Иттифоқи тартиблари унга аъзо барча 28 давлатга талуқлилиги, бунга Британия ҳам розилик билдиргани келтирилади.

Кэмерон бошлиқ сиёсатчилар эса Британия муҳожирларга тўлиб кетганини жамият кўрсатаётганини айтишади. "Аниқ иқтисодий рақамлар қандай бўлишидан қатъий назар, сайловчиларни биринчи навбатда улар яшаётган тумандаги инфратизим ва ижтимоий хизматлардаги ўсиб бораётган босим хавотирга солади".

Шу билан бирга, Андор Британия Бош вазири аҳолига ҳамма ҳақиқатни айтмаяпти деган фикрда. Оврўпо Иттифоқи тартибларида нафақаларни олишда чекловлар мавжуд, дейди у.

"Бизга аниқ вазият кўрсатилиши керак. Босим ёки Британияда кўп кузатиладиган ортиқча жазава остида кўрсатиладиган манзара эмас албатта", деб таъкидлар экан, Полша ва бошқа давлатлардан келувчи муҳожирлар Британия иктисодига катта фойда келтирганини кўрсатиб ўтган Оврўпо Иттифоқи комиссари Ласло Андор .

Янги тартиблар

Британия Бош вазири Financial Timesга берган интервюсида ўтмишда лейбористлар хукумати 2004 йилда ўша йили Оврўпо Иттифоқига қўшилган 10 мамлакатдан муҳожирларнинг келишини тўхтатиб қолмай катта хато қилган, дейди.

Британия ҳукумати янги тартибларга кўра, Британияга келган муҳожирларга дастлабки уч ойда нафақа олиш ҳуқуқи берилмайди.

Иш қидирувчи иш топишига аниқ имкони бўлмаса, ярим йилдан кейин унга бериладиган ишсизлик нафақаси тўхтатилади.

Муҳожирлар шунингдек дарҳол уй-жой учун ёрдамга даъвогар бўлолмайди.

"Биз тартибларни ўзгартирамиз, ҳеч ким мамлакатга нафақа умидида келиб уни дарҳол қўлга киритишини кутиб ўтирмайди", деб айтган Британия Бош вазири.

Уни либерал-демократ Ник Клегг қўллаган: "Оврўпо Иттифоқининг бошқа давлатларида бундай тартиблар аллақачон бор ва улар янгиларини жорий қилишни ўйлашмокда".

Британия сиёсатчиларидан Найжел Фэреж хам буни дастаклаб: "Янги тартибга кўра 1 январдан Руминиядан ҳеч ким фақат нафақа орзусида кела олмайди ва уларга 12 ҳафтадан кейин нафака олиш хуқуқи берилмайди", дейди.

Унга кўра, кўрилаётган бу чоралар ҳам муҳожирлар оқимини жиловлашга етарли эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ