"Time" журнали "2013 йил одами" учун номзодларни эълон қилди

Ҳар йилги анъанага кўра, Американинг Time журнали ўз версияси бўйича ўтаётган йилнинг энг машҳур шахслари номига даъвогарларни эълон қилган.

42 нафар номзод орасида Россия Президенти Владимир Путин, 2008 ва 2012 йилларда "Йил одами" бўлган АҚШ раҳбари Барак Обама, Сурия Президенти Башар ал-Ассад, Америка махфий хизматларининг фаолиятини ошкор қилган Эдвард Сноуден, шунингдек Бостон портлашларининг ташкилотчилари деб кўрилган ака-ука Царнаевлар ҳам бор.

Журнал муҳаррирларининг изоҳ беришича, Россия Президенти Сноуден тақдирида ўйган роли ва Сурияга Ғарбнинг ҳарбий аралашувини олдини олишга таъсир қилган асосий шахслардан бўлгани учун киритилган.

Рўйхатда ўзининг шов-шувли чиқишлари билан томошабинларни ҳайратга солишдан чарчамаётган америкалик қўшиқчи Майли Сайрус етакчилик қилмоқда. Эдвард Сноуден тўртинчи, Башар Ассад еттинчи, Путин саккизинчи ўринни эгаллаган.

Журналга кўра, йил одами учун номзодлар қаторига Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний, Хитой раҳбари Си Жин Пин, Олмония канцлери Ангела Маркел, жаҳондаги йирик интернет бозори "Amazon"нинг асосчиси Жеффри Безос, Google раҳбари Ларри Пейж, ҳамда Yahoo, Facebook ва Twitter интернет тармоқлари вакиллари ҳам киритилган.

Номзодлар учун овоз бериш "Time" журнали сайтида 4 декабргача давом этади. Ғолиб 11 декабрда эълон қилинади.