Украинада полиция Оврўпопараст намойишчиларни куч билан тарқатди

Украина пойтахти Киевда полиция юзлаб намойишчиларни тўқмоқлар билан уриб тарқатган.

Намойиш ташкилотчиси Сергей Милниченконинг айтишича, шанба куни соат тонгги 04:30да полиция бостириб келиб, кўзни ёшлантирувчи газни қўллаган.

Юзлаб одамлар Киев марказида Президент Виктор Януковичнинг Оврўпо Иттифоқи билан битимни имзолашидан воз кечишига қарши намойиш қилиб келаётгандилар.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, қатор одамлар жароҳат олишган.

Интерфакс Украина хабар агентлигига кўра, полиция "қатор ҳодисалар" ортидан Мустақиллик майдонини тозалашга қарор қилган.

Бироқ, бу қандай ҳодисалар эканини борасида маълумот берилмаган.

Фаолларнинг гувоҳлигига биноан, полиция майдонга кириб келганида у ерда аксари талабалар бўлган мингдан ошиқ намойишчилар бўлишган.

"Бу даҳшатли бўлди. Биз тинч намойиш қилаётгандик, улар эса бизга ҳужум қилишди. Улар бизни ахлатдек атрофга сочиб ташладилар," - деди намойишчи Лада Тромада.

Гувоҳларнинг айтишича, тез ёрдам машиналар ҳодиса майдонига етиб келганлар, ҳамда бошлари ва қўлларидан қон оқаётган намойишчиларга тиббий ёрдам кўрсатганлар.

Мухолифатчи депутат Андрий Шевченконинг твит қилишича, ўнлаб одамлар жароҳат олганлар ва камида 33 киши ҳибсга олинган.

Рейтер хабар агентлиги ўз оператори ва сураткаши яраланганини хабар қилди. Рейтер сураткаши бошига зарба еб қонга беланган.

Бир неча юз атрофидаги намойишчилар энди келгуси қадамларини аниқлаб олиш учун Авлиё Михаил черкови қаршисига тўпланганлар.

Ўтган ҳафта жаноб Янукович маҳсулотлар учун чегараларни очиб берувчи ва Оврўпога сафар чекловларини юмшатувчи битимга имзо чекиш йўлидаги тайёргарликларни тўхтатиб қўяётганини билдирган.

У мазкур қарорига Россия босими сабаб бўлганини айтган. Жаноб Янукович битимга қарши чиқаётган Россия билан савдо алоқаларини қурбонлик келтира олмаслигини билдирган.

Битим жума куни Литва пойтахти Вилнюсда ўтган Оврўпо Иттифоқи саммитида имзоланиши кутилганди. Украина мухолифати битим имзоланмаганидан норози бўлиб, минглаб украиналикларни кўчаларга чиқишга чақирган.

Жума куни жаноб Янукович Оврўпо Иттифоқи саммитида иштирок этар экан, 10 минг намойишчи мустақиллик майдонига тўпланган. Улар Украина ва Оврўпо Иттифоқи байроқларини кўтариб олиб, "Украина бу Оврўпо" дея хитоб қилганлар.