Хорватияликлар гей-никоҳларга қарши овоз берди

Кўпчилик овоз берувчилар бир жинсли никоҳга қарши чиқишган
Image caption Кўпчилик овоз берувчилар бир жинсли никоҳга қарши чиққан

Хорватия аҳолиси якшанба куни бўлиб ўтган референдумда бир жинсли никоҳларни таъқиқлашни дастаклаб овоз берди. Шу билан мамлакат конституциясига “никоҳ эркак ва аёл ўртасида бўладиган иттифоқ” дея аниқ изоҳ киритишни қўллашди.

Референдум фақат бола туғилиши мумкин бўлган никоҳгина ҳаққоний деб билувчи Рим католик черковининг фаол дастаги билан ўтди. Танқидчилар бундай муносабат жинсий озчиликка нисбатан камситиш дея баҳолайди.

Сўлмарказчи ҳукумат ҳам таъқиққа қарши чиқди, мамлакат президенти Иво Йосипович эса қарорнинг қабул қилиниши Хорватияга нисбатан тоқатсиз мамлакат деган тамға босилишидан огоҳлантирган.

Шунга қарамасдан ижтимоий сўровларда Хорватия черков мустаҳкам ўрин тутувчи анъанадор давлат бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам овоз беришнинг натижаси олдиндан маълум эди.

“Оила номи билан” католик гуруҳи референдум ўтказишни қўллаш учун 740 минг имзо тўплади ва парламентни ушбу ташаббусга изн беришга мажбур этди. Референдум натижасида бир жинсли никоҳнинг таъқиқланишини тахминан 66 % овоз берувчи қўллади.

“Мен бахтлиман, чунки шу дамдан бошлаб келажакдаги бирорта ҳукумат бир жинсли никоҳни қонунийлаштира олмайди”, - дейди “Оила номи билан” гуруҳи раҳбари Желка Маркич.

Референдумга қаршиларнинг эътироф этишича, мамлакат асосий қонунига ўзгартириш киритганидан сўнг Хорватия биржинсли иттифоқлар қабул қилинмаслик кенг ёйилган Белорус, Полша, Молдавия ва Болгария каби давлатларга ўхшаб қолади.

Бир жинсли никоҳларни таъқиқлашга қаршилигини билдириш учун 30 ноябр куни юзлаб одам Хорватия пойтахти Загреб кўчаларини кесиб ўтди.

Католик ташаббус гуруҳи референдум ўтказиш бўйича петиция ташкиллаштирди ва уни қувватлаш учун 700 мингдан ортиқ имзо тўплади.

Референдум сўрови қуйидагича тузилганди: “Никоҳ – бу эркак ва аёл ўртасидаги иттифоқ эканлигига розимисиз?”

Хорватиянинг 4,4 миллион аҳолисининг 90 % ини католиклар ташкил қилади. Ватикан ўз тарафдорларини референдум саволларига ижобий жавоб беришга фаол чақирди.

Хорватия парламентида ҳам овоз беришни 151 депутатдан 104 таси қўллади.

Қарши овоз беришга чақириқлар

Ҳукумат, ҳуқуқ ҳимоячилари ва кўплаб жамоат фаоллари референдум ғоясини танқид қилди ва одамларни бир жинсли никоҳ таъқиқига қарши овоз беришга чақирди.

Хорватия бош вазири Зоран Милановичга кўра, референдум одамларнинг бахт ва танлаш ҳуқуқини хавф остига қўяди.

Референдумни жон жаҳди билан қўллаб қувватлаган “Хорватия демократик ҳамкорлиги” мухолиф партияси эса бу фикрларга қўшилмайди.

Бир жинсли никоҳни қўллаб маршга чиққан иштирокчилар шаҳарни полиция конвойи ҳамроҳлигида кесиб ўтди ва парламент биноси олдида камалак ранг байроқни ёйди.

Хорватия Оврўпа Иттифоқига шу йилнинг июл ойида қўшилди ва 28 чи аъзоси бўлди.

Загребдаги илк гей-парад 2002 йили бўлиб ўтганди, ўшанда акциянинг ўнлаб иштирокчилари қаршилар томонидан калтакланган.

Ҳозир парадлар тез тез бўлиб туради, бироқ уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун кўплаб полиция кучлари жалб қилинади.