‘Хотинимни ўлдириб, бўлаклаб, музлатгичга солиб қўйдим’

Ҳиндистонлик 27 ёшли Гириш Поте рафиқасининг яқинларига ўзи қўнғироқ қилиб, қилган қотиллигига шу тариқа иқрор бўлган.

Унинг қўнғироғидан хавотирга тушиб, Мадҳуванти хонимнинг оиласи полиция билан боғланган.

Икковлоннинг Мумбайдаги ҳашаматли вилласига келган полиция ходимлари эса, аёлнинг бўлаклаб ташланган жасадини музлатгичдан топишади.

Полиция ходимларидан бирининг Би-би-сига айтишича, Гириш Поте Франция фуқароси бўлган хотинини аввал пичоқлаб ўлдирган ва сўнгра танасини қийма-қийма қилган.

Музлатгичдан бўлаклаб ташланган жасадини топгач, полиция ходимлари шу заҳотиёқ Мадҳуванти хонимнинг эрини қўлга олишади.

Ҳозир ҳибсхонада бўлган Гириш Поте эса, қилган иши юзасидан ҳозирча миқ этиб оғиз очмаган.

2006 йилда бир ёстиққа бош қўйган икковлон Ҳиндистоннинг бой Бҳаяндер мавзесида яшашган.

Қотиллик юз берган пайтда уларнинг икки яшар ўғилчаси Мадҳуванти хонимнинг ота-онасиникида бўлган.

Полиция ходимларининг айтишларича, мудҳиш ҳодиса сешанба куни кечқурун рўй берган.

Дастлабки тергов натижаларидан аён бўлишича, эр-хотин бир неча кундан буён пул устидан жанжаллашиб юришган.

Мадҳуванти хонимнинг ҳиндистонликлар ўзига ёқмаслигини айтиб, Францияга қайтиб кетиш истаги ҳам эрига ёқмагани ўзаро ғиди-бидиларига сабаб бўлиб юрган, дейди полиция вакили.

Бу мавзуда батафсилроқ