Сурия: хорижий жиҳодчилар Туркиядан хавфсиз жой сифатида фойдаланмоқдалар

Image caption Минглаб хорижий жангарилар ўтган йили Туркия орқали Сурияга кирганлар.

Жангарилар гуруҳи Туркиянинг жанубидаги уйларда яшаб, Сурияга кириб олишга ҳаракат қилаётганлари хабар қилинади.

Сурия билан чегарадош Райхонли шаҳридаги уйда уч ой мобайнида 150 дан ортиқ хорижлик, жумладан 20 тагача британиялик яшаб Сурияга ўтиш учун қулай фурсат кутишган.

Райҳонли яқинидаги уйнинг хавфсизлиги учун жавоб берувчи кишининг Би-би-си мухбирига айтишича, дўстларининг илтимоси билан 150 дан ортиқ одамга охирги 90 кунда хизмат қилган.

Унинг сўзларига қараганда, жиҳодчилар бир ёки икки кун Сурияни кесиб ўтиш учун ва ватанига қайтиб кетишда бу уйлардан фойдаланишади.

Маълумотларда келтирилишича, Туркия орқали йўл кейинги пайтда аксарияти "Ал-Қоида" гуруҳига алоқадор хорижий жангарилар томонидан кенг фойдаланилаяпти.

Сурия мухолифатига кўра, хориждан кириб келаётган жиҳодчилар Сурия инқилобини барбод қилиши мумкин.

Франциялик жангари ўзининг гуруҳи орасида бутун дунёдан келганлар борлиги ва улар Ал-Қоидага қарашли эканини айтади.

Франциялик собиқ талаба 8000 аъзоси бўлган гуруҳга бориб қўшилган. "Биз Ироқ Ислом Республикаси ва Буюк Сурия исломий гуруҳларга содиқликда қасамёд қилдик", дейди у Би-би-си мухбири билан суҳбатда.

Ўтган йили минглаб хорижий жангарилар, хусусан 300 атрофида Британия фуқаролари Башар ал- Ассад тузумига қарши курашиш мақсадида Сурияга кирган.

Сурия Озодлик армияси вакиллари жиҳодчилар нафақат ҳукумат кучлари билан балки ўзларига қарши ҳам кураш олиб бораётганидан хавотирда.

Мухолифнинг собиқ етакчиларидан бири жиҳодчилар уларнинг бўлинмасини қамал қилганидан сўнг Туркияга қочишга мажбур бўлганини гапириб беради.

"Улар бизнинг ҳақиқий мусулмон эмаслигимизни айтишди", дейди собиқ қўмондон.

"Мен жангарилар дўстларимни шафқатсизларча, темир бўлаклари билан урганлари, ўқ қутилари билан юзларини ёриб юборганларини кўрдим. Улар кейин ўлдирилди. Ер қонга тўлди". "Биз тенглик ва озодлик учун инқилоб қилмоқчимиз. Жиҳодчилар эса буни хоҳлашмайди. Улар Сурияни яксон қилиш учун келишган", деб айтган суриялик киши.

Собиқ қўмондоннинг сўзлашича, ўзи билан бир неча кишигина тирик қолиб, жиҳодчилар зулмидан қочишга муваффақ бўлганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ