РИА Новости агентлиги Путин фармонига кўра тугатилди

Россия Президенти Владимир Путин мамлакатдаги йирик ахборот агентликларидан бири РИА Новостини тугатиш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан.

Унинг ўрнига "Россия сегодня" агентлиги тузилиши хабар қилинади. Янги агентлик раҳбари этиб тележурналист Дмитрий Киселёв тайинланган.

РИА Новостининг барча мулки фармонда халқаро агентлик деб кўрсатилган янги агентликка ўтказилади.

РИА Новости билан бирга "Голос Россия" радиоси ҳам тугатилиши айтилган.

Би-би-сининг РИА Новостидаги манбаларининг айтишича, агентлик раҳбарияти ходимларига вазият ҳозирча ноаниқлиги ва ишни давом эттираверишларини айтган.

РИА Новости таркибида халқаро агентлик ташкил қилиниши ҳақидаги хабар ходимлар учун кутилмаган янгилик бўлган.

Кремлнинг веб саҳифасида эълон қилинган фармон матнига кўра РИА Новостининг тугатилиши "давлат оммавий ахборот воситаларининг таъсирини ошириш бўйича кўрилган чоралар" сифатида изоҳланган.

Ахборот агентлиги раҳбарияти ходимларига президент фармони уч ой муддат ичида амалга оширилиши ва Меҳнат кодексига биноан агентлик ликвидация комиссияси тузилгунга қадар фаолиятини давом эттиришини маълум қилган.

РИА Новостининг Ҳуқуқ ва маҳкама ахборот агентлиги бўлими 2013 йилнинг бир нечта шов-шувли маҳкама жараёнларидан жонли онлайн-репортажлар олиб борган.

Жумладан Кировда мухолифатчи Алексей Навалний устидан ўтказилган маҳкама айнан агентлик тайёрлаган репортажлар орқали жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлган.

Агентликнинг ушбу репортажлари Россия суд тизимининг шаффофлиги учун журналистларнинг қўшган ҳиссаси сифатида 2013 йил октябрда Ахборот эркинлиги фондининг мукофотини олган.

РИА Новости илк бор 1941 йил Иккинчи Жаҳон Уруши даврида Совет информация бюроси тариқасида тузилган. 1961 "Новости" агентлигига айлантирилган. 1991 йил эса агентликка РИА Новости номи берилган эди.