Киев: Тўқмоқлар билан ҳужум қилган полиция ортга чекинди

Украина пойтахти Киевда Президент Виктор Янукович ҳукуматига қарши юзлаб намойишчилар полиция билан тўқнашганлар.

Тўқнашувларга сал аввалроқ ғалаён полициясининг Мустақиллик майдонидан намойишчиларни сиқиб чиқариш ҳаракатлари сабаб бўлди. Бу ҳаракатларни АҚШ ҳукумати "жирканчли" дея тасвирлади.

Ички Ишлар вазири эндиликда ҳеч қандай куч ишлатилмаслигини ваъда қилди.

Намойишлар ҳукуматнинг Оврўпо Иттифоқи билан яқинроқ муносабатларни таъминловчи битимни имзолашдан бош тортиши туфайли келиб чиққан.

Украина ҳукуматининг бу қадамига Россия раҳбариятининг босими сабаб бўлганди.

Инсоний деворлар

Воқеалар ичида бўлган Би-би-си мухбири Девид Штерннинг хабар қилишича, ҳозирда полиция намойишчиларни тарқатиш амалларини тўхтатганлар.

Миллий телевидение орқали узатилган суратлардан аён бўлишича, намойишчилар полицияга қарата шлангдан муздек сувни пуркаганлар.

Намойишчилар, шунингдек, эндиликда полиция уларнинг Мустақиллик майдонидаги жамлоғидан чекланганини айтишмоқда.

"Мен ҳамма тинчланишини истайман," - деди Ички ишлар вазири Виталий Захарченко ўз баёнотида.

"Майдонга бостириб кирилмайди. Ҳеч ким сизнинг тинч йўлда намойиш қилиш ҳуқуқингизни бузмайди, лекин сиз ҳам бошқа фуқароларнинг ҳуқуқларига ҳурматсизлик қилманг," - деди у.

Тун оша ғалаён полицияси ва ички ишлар зобитлари майдон орқали машиналар қатновига йўл очиб бериш мақсадини рўкач қилиб баъзи тўсиқлар ва чодирларни олиб ташлаганлар.

Бироқ, қурувчиларнинг қаттиқ бош кийимларини кийиб олган намойишчилар қўлларини бирлаштириб, инсоний деворларни ҳосил қилганлар ва полиция йўлини тўсганлар. Камида тўққиз киши ҳибсга олинган.

Баъзи хабарларга кўра, полиция куч ишлатган. "KyivPost" нашри полиция намойишчиларни тўқмоқлар билан ураётганини хабар қилди.

Майдонда чиқиш қилган руҳонийлар зўравонлик тўхтатилишини сўраб дуо қилганлар, поп юлдузи Руслана эса "Бизни урманг!" дея нутқ сўзлаган. Намойишчиларнинг чақириқларидан руҳланган яна юзлаб одамлар майдонга чиққанлар ва уларнинг оқими давом этмоқда.

Мухолифат раҳбари Арсений Яценюк Президент Янукович "Америка, Оврўпо Иттифоқи ва 46 миллион украиналикларнинг юзига тупурди ва биз буни кечирмаймиз," - деди.

У президентнинг истеъфосини талаб қилди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳукумат кучларининг намойишчиларга қарши юришини қоралади.

"Америка Қўшма Штатлари Украина ҳукуматининг Киевнинг Майдан майдонидаги тинч намойишни демократик ҳуқуқларга ва инсоний қадриятга бўлган ҳурмат ўрнига ғалаён полицияси, булдозерлар ва тўқмоқлар билан қарши олганидан жирканганини изҳор қилади," - деб айтган жаноб Керри.

"Бу каби муносабат номақбул, ва у демократияга тўғри келмайди," - деди у.

Сешанба куни Оврўпо Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича мулозими Катрин Аштон Киевда Президент Янукович билан музокаралар ўтказган.

Баронесса Аштон Киевда намойишчилар қаршисига чиққанида, олқишлар билан кутиб олинган.

АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Виктория Нуланд ҳам Киевда. У ҳам Президент Янукович билан учрашиши кутилади.

Интерфакс хабар агентлигига кўра, Нуланд хоним чоршанба тонгида Мустақиллик майдонига чиқиб, намойишчиларга пластик пакетлардан нон, булочка ва пишириқларни тарқатган.

Душанба куни Президент Янукович ўз ҳукумати вакиллари бу ҳафта Оврўпо Иттифоқи билан музокараларни қайта бошлаш учун Брюсселга йўл олишларини маълум қилган.

Унинг баёнотидан бироз аввал, якшанба куни юз минглаб намойишчилар Киевга тўпланганлар ва ҳукумат 48 соат ичида истеъфога чиқишини талаб қилганлар.

Ҳукумат идоралари машиналар, баррикадалар ва чодирлар билан тўсиб қўйилган.