Россияда "елим квартира"ларга қарши янги қонун қабул қилинади

Россияда регистрациясиз яшаганлар учун каттароқ жарималар ва сохта регистрацияси бўлганларни жиноий жавобгарликка тортишни кўзда тутадиган қонун лойиҳасининг муҳокамаси охирги босқичга кирган.

Россия Думаси чоршанба куни мазкур ҳужжатни кўриб чиқишни режалаштирган.

Таклиф қилинаётган ўзгаришларнинг аксари 1993 йилги "Россия Федерацияси фуқароларининг Россия Федерацияси ичида ҳаракат қилиш, турар жой ва яшаш жойини танлаш эркинликлари" қонунига тааллуқли бўлади.

Лойиҳага биноан, ҳар қандай одам, фуқаролигидан қатъий назар, 90 кун ичида регистрациядан ўтмаса, 2 минг рублдан 3 минг рублгача (60-90 доллар) жарима тўлаши керак бўлади. Москва ва Санкт-Петербургда эса жарима 3 минг рублдан 5 минг рублгача қилиб белгиланади.

Депутатлар ўз ёнида шахсини аниқловчи ҳужжати бўлмаганларга қарши ҳам шундай жарима киритилишини исташади.

Янада кўпроқ миқдордаги жарималар регистрациясиз одамга турар жой ажратиб берган фуқароларга нисбатан ҳам киритилади.

Image caption Россия жамоатчилиги ўз ҳуқуқлари муҳожирларникига тенглаштирилганидан норози

Сохта маълумотлар ва ҳужжатлар асосида регистрациядан ўтган шахс эса уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Қизиғи шуки, айбланувчи Россия фуқароси ёки хорижлик эканининг фарқи йўқ.

Думанинг конституцион қонунчилик бўйича қўмитаси раиси Владимир Плигиннинг Би-би-сига айтишича, бундай қонун-қоидалар ҳар қандай мамлакатда мавжуд.

Бироқ инсон ҳуқуқлари фаоли Евгений Гонтмахер янги лойиҳа Россия фуқароларининг ҳуқуқларини чеклаши, порахўрларга фойда келтириши ва ноқонуний миграция муаммосини ҳал этмаслигига ишонади.

"Мен бу лойиҳада муҳожирларга қандайдир таҳдид солинаётганини кўрмаяпман, улар ҳаракатчан одамлар, улар ҳар доим қонунни айланиб ўтиш йўлини топадилар. Унинг устига, бизда мавжуд бўлган коррупция ҳар қандай текширувдан пул билан қутилишга имконият яратиб беради," - дейди эксперт.

Қонун лойиҳаси асосан ноқонуний муҳожирларга қарши қаратилгани ишонилади. Охирги йилларда баъзи ҳолларда ўнлаб муҳожирларнинг кичик хонадонларда истиқомат қилишлари Россия матбуоти ва жамоатчилигининг жиғига теккан.

Одамлар орасида бундай турар жойлар "елим квартиралар" дея ном олган.

Бироқ, Россия жамоатчилигининг энди норози бўлишича, янги лойиҳа Россия фуқаросини ҳам ноқонуний яшагани учун муҳожирлар билан бир хилда жазолаши мумкин.