Дунё бўйлаб саратон ташхиси қўйилаётганлар сони ортмоқда

Image caption Дунё бўйлаб энг кўп учрайдигани - чекиш туфайли келиб чиқадиган ўпка саратони экан

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, дунё бўйлаб ҳар йили саратон ташхиси қўйилаётган инсонлар сони 14 миллиондан ортган.

2008 йил саратонга чалиниш ҳоллари 12.7 миллион дея қайд этилганди. Бу 2012 йил билан солиштирганда анчайин тез суръатда ўсишдир.

Мазкур вақт асносида ҳаётдан кўз юмганлар сони ҳам 7.6 миллиондан 8.2 миллионга кўтарилган.

Ривожланаётган мамлакатларда ҳаёт тарзининг кескин ўзгариши саратон ҳоллари ошиши ортидаги сабаблардан бири сифатида кўрсатилади.

Чекиш ва ортиқча вазн, шу билан бирга, ўртача умр кўриш муддати кўтарилгани ҳам саратон хасталиклари ортидаги омиллар сифатида тилга олинади.

Дунё бўйлаб энг кўп учрайдигани эса - чекиш туфайли келиб чиқадиган ўпка саратони экан.

Бугун ер юзида 1.8 миллион инсонга худди шундай ташхис қўйилган ва бу жами саратон ҳолларининг 13 фоизини ташкил қилади.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти кўкрак саратони ҳам "кескин ўсган"ини айтмоқда.

Кўкрак саратони ва айни хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмиш ҳоллари 2008 йилга қараганда сезиларли равишда ортган.

Саратоннинг мазкур тури бугун 140 мамлакатдаги аёллар орасида энг кўп учрайди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Саратон хасталиклари бўйича тадқиқотлар агентлигидан Девид Форман "кўкрак саратони дунёнинг кам ривожланган мамлакатларда энг кўп ўлимга сабаб бўлаётган хасталик" ҳам эканини айтади.

"Саратон ҳолларининг ортиши қисман ҳаёт тарзидаги ўзгаришлар билан боғлиқ", дейди у.

Бошқа тарафдан, Девид Форманга кўра, буни тиббиёт соҳасида касалликка қарши кураш соҳасидаги тараққиёт мазкур минтақаларда яшаётган аёлларга етиб бормаётгани билан ҳам тушунтириш мумкин.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, ривожланаётган давлатларда хасталик аломатларини аниқлаш, ташхис қўйиш ва даволаш "зудлик билан" ривожалантирилиши зарур.

Ташкилот 2025 йилга бориб, саратонга чалинганлар сони йилига 19 миллиондан ортиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ