'Қуръон'га ўралган анорлар бир кишининг умрига зомин бўлди

Мусулмонларнинг муқаддас китобини таҳқирлашди, деб бир гуруҳ оломон кўтарган ғалаён бир инсоннинг ҳаётдан кўз юмиши ва уч нафарининг яраланиши билан якун топди.

Ола-тасир чоршанба куни Покистоннинг жанубий-ғарбий Кветта шаҳридаги "Ҳазoр Ганжий" бозорида келиб чиқди.

Шоҳидлар ва маҳаллий мулозимларнинг айтишларича, ҳаммасига Эрондан келтирилган анорлар сабаб бўлган.

Бозордаги одамлардан бири анорларнинг "Қуръони Карим" саҳифаларига ўралганини кўриб қолади ва зум ўтмай раста яқинида ғазабнок оломон йиғилади.

Хабарларга кўра, қаҳри келган одамлар шиаларга қарши турли мазмундаги гапларни айтиб, дўконларни вайрон қилишади.

Мотоциклларга ўт қўйиб, шаҳарнинг шиалар яшовчи мавзеъсига қараб йўлга тушишади.

Аммо маҳаллий полиция кучлари ғазабнок оломоннинг йўлини тўсиб қолади.

Бунинг ортидан, шаҳарнинг турли бурчакларида отишмалар бошланиб кетади.

Одамларнинг дуч келган тарафга қараб ўт очишлари натижасида бир киши қурбон бўлади ва уч нафари яраланади.

Вилоят Ички ишлар вазири Асад Гилонийнинг "Франс-Пресс" ахборот агентлигига айтишича, ҳудудга ярим ҳарбийларни сафарбар этиб, вазиятни тинчитишга муваффақ бўлишади.

Аммо жаноб Гилоний "Қуръони Карим"нинг оёқ-ости қилинган-қилинмагани тафсилотларига тўхталишдан бош тортган.

Покистондаги мухбирларимизга кўра ҳам ҳозирча бу каби даъволар расман ўз тасдиғини топмаган.

Юз берган ҳодиса юзасидан камида 5 кишининг ҳибсга олингани ва полиция томонидан тергов қилинаётгани айтилмоқда.

Аксарият аҳолиси сунний мусулмон бўлган Покистонда "Шаккоклик тўғрисида" жуда кескин қонун амал қилади.

Кветтадаги ҳодиса "Қуръон"нинг таҳқирланиши важи билан юз бераётган илк зўравонлик эмас.

Ўтган йил ёз ойида "шаккокнинг ўзларига берилиши" талаби билан бир гуруҳ ғазабнок оломоннинг полиция идорасига қилган ҳужуми ҳам бир инсоннинг умрига зомин бўлганди. Йигирмага яқин одам яраланганди.

Худди ўша йилнинг ўзида Покистоннинг жанубий Даду шаҳрида икки юзга яқин одам полиция бўлимига бостириб кирган ва "Қуръон"ни ҳақоратлаган деб ушланган кишини ташқарига олиб чиқиб, тириклайин ёқиб юборишганди.

"Шаккоклик тўғрисида"ги қонунда Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) ва "Қуръони Карим"ни оёқ-ости қилганларга ўлим жазоси кўзда тутилган.

Беқарор Балужистон вилоятининг маркази Кветта шаҳри тез-тез исломий исёнчилар, бўлгинчи гуруҳлар ва мазҳабчи жангариларнинг ҳужумларига саҳна бўлиб келади.

Бу мавзуда батафсилроқ