Путин:"Меҳнат муҳожирлиги тартибга солиниши керак"

Россия Президенти Владимир Путинга кўра, меҳнат муҳожирлиги тартибга солиниши, аммо бу жараёнда собиқ Совет Иттифоқи республикалари билан махсус алоқаларга путур етказилмаслиги керак.

Путин жаноблари бу ҳақда Федерал Йиғинда қилган йиллик чиқишида гапирган. Йиғин Россия давлат телеканаллари томонидан тўғридан-тўғри олиб кўрсатилган.

Жаноб Путин хорижий ишчиларни ёллаш учун меҳнат муҳожирлигини идора қилувчи иқтисодий қурол сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган янги патент тизими жорий қилишга ҳам чақирган.

Унга кўра, тартиб-қоидаларга риоя қилмаганлар 3-10 йилгача Россияга киришлари тақиқланади.

Путиннинг айтишича, хориж фуқароларининг мамлакатга киришдан мақсадларини аниқлаш амаллари кучайтирилиши лозим.

"...барча цивилизациялашган мамлакатлар қилишади буни. Давлат Россияга сафар қиладиган хорижлик нима мақсадда ва қанча муддатга келаётганини билиши керак", дейди Россия раҳбари.

Меҳнат муҳожирлиги учун тартиб зарур

Путин: "Меҳнат бозоридаги вазиятга боғлиқ яна бир мушкул муаммо мавжуд, бу - хорижий меҳнат муҳожирлиги. Зарурий тартибнинг йўқлиги нафақат иш бериш тизими шаклу шамойилини ўзгартиради, балки ижтимоий доирада ҳам мувозанатсизликка сабаб бўлади, миллий қарама-қаршиликларни келтириб чиқаради ва жиноятчиликни кучайтиради", деб айтган.

"Россияга визасиз келувчи хориж фуқароларига иш беришни тартибга солиш ва хорижий ишчилардан фойдаланиш масъулиятини ошириш шарт. Ва, албатта, агар улар Россияда яшаб, ишлашса, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланишлари, мажбуриятларни ҳурмат қилишлари, солиқ ва бошқа тўловларни тўлаб боришлари керак", дейди Президент.

Айни пайтда Владимир Путин бу мураккаб вазифа экани ва тартиб-қоидалар йўлга қўйиларкан, собиқ Шўро давлатлари билан махсус алоқаларга зиён етказа олмасликларини таъкидлайди.

Бу мавзуда батафсилроқ