Янукович Оврўпо Иттифоқи билан келишувни имзолаши мумкин

Оврўпо Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича вакили Катрин Аштоннинг журналистларга айтишича, Украина Президенти Виктор Янукович ва ниҳоят Оврўпо Иттифоқи билан келишув битимини имзолаши мумкин.

Киевда президент билан уч соат давомида музокаралар ўтказган Аштон хонимга кўра, Янукович унга Оврўпо Иттифоқи билан битимга келиш мақсади бўлганини билдирган.

Катрин Аштон Киевдаги намойишчиларни полиция томонидан куч билан тарқатилишига ўзи гувоҳ бўлган.

Ҳукуматга қарши норозилик намойишлари Киевни гўёки фалажлаб қўйганини айтган у Брюсселдаги чиқишида.

Бироқ Оврўпо Иттифоқи билан келишув қачон амалга ошиши ҳали маълум эмас.

Украинани эса намойишларнинг тобора катта тўлқини эгаллаб олмоқда. Кеча ҳам юзлаб намойишчилар полиция билан тўқнашганлар. Полиция уларни тўқмоқлар билан ургани хабар қилинган. Намойишчилар ҳам полицияга қарата шлангдан муздек сувни пуркаганлар.

Хавфсизлик кучлари марказий майдонлардаги тўсиқларни бузиб ташлаганидан сўнг намойишчилар уни қайтадан қура бошлашган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳукумат кучларининг намойишчиларга қарши юришини қоралаган.

"Америка Қўшма Штатлари Украина ҳукуматининг Киевнинг Майдан майдонидаги тинч намойишни демократик ҳуқуқларга ва инсоний қадриятга бўлган ҳурмат ўрнига ғалаён полицияси, булдозерлар ва тўқмоқлар билан қарши олганидан жирканганини изҳор қилади," - деб айтган жаноб Керри.

"Бу каби муносабат номақбул, ва у демократияга тўғри келмайди," - дейди у.

АҚШ вазият шу тарзда давом этса, Украина ҳукуматига қарши санкциялар киритилишини билдирди. Шу билан бирга Украина ҳукуматини Оврўпо Иттифоқи ва мухолифат билан музокаралар столига ўтириш ва халқнинг талабига қулоқ солишга чақирди.

Душанба куни Президент Янукович ўз ҳукумати вакиллари бу ҳафта Оврўпо Иттифоқи билан музокараларни қайта бошлаш учун Брюсселга йўл олишларини маълум қилган.

Оммавий намойишлар ҳукуматнинг Оврўпо Иттифоқи билан яқинроқ муносабатларни таъминловчи битимни имзолашдан бош тортиши туфайли келиб чиққан.

Украина ҳукуматининг бу қадамига Россия раҳбариятининг босими сабаб бўлгани айтилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ