Шимолий Кореянинг иккинчи қудратли шахси қатл қилинган

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Шимолий Корея Марказий Телеграф агентлиги тарқатган хабарга кўра, ҳокимиятни босиб олиш билан давлат тўнтаришига ҳаракат қилишда айбдор деб топилган Чан Сон Тхек қатл қилинган.

Чан Сон Тхек мамлакат раҳбари Ким Чен Иннинг поччаси, у яқин яқингача Давлат Мудофаа қўмитаси раиси ўринбосари лавозимини эгаллаган.

Хабарларга кўра, пайшанба куни ҳарбий маҳкама ҳукмидан сўнг у дарҳол ижро этилган.

Агентлик билдиришича, Чан Сон Тхек ўзига қўйилган ҳукуматни эгаллаш мақсадида гуруҳ тузиш ва давлат тўнтаришига уриниш айбларини тан олган.

Шимолий Корея Телеграф агентлиги хабарида мамлакатдаги Ким Чен Индан кейинги қудратли одам деб кўрилган Чан Сон Тхек коррупция, ахлоққа зид ҳатти ҳаракатлар, аксилинқилобий фаолият ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш кабиларда ҳам айбдор деб топилгани хабар қилинган.

Кейинроқ Шимолий Корея Телеграф агентлиги видео ҳам эълон қилган, бу видеода ҳарбий кийим бошдаги кишилар Чан Сон Тхекни мамлакат партияси сиёсий бюроси мажлисидан олиб чиқиб кетаётгани намойиш этилган.

Олдинроқ Чан Сон Тхекнинг икки ёрдамчиси қатл этилгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

67 ёшли Чан Сон Тхек мамлакат раҳбари Ким Чен Иннинг поччаси бўлиб Ким Чен Ирнинг синглисига уйланган, у яқин яқингача Давлат Мудофаа қўмитаси раиси ўринбосари лавозимини эгаллаб келган.

Ахборот агентлиги хабарида Чан Сон Тхек "мафкуравий бузуқ" ва "итдан ҳам баттар" деб таърифланади.

Давлат телевидениеси тарғибот руҳидаги ҳужжатли филмдан Чан Сон Тхек кўринган барча кадрларни қирқиб ташлаган.

АҚШ ҳукумати Чан Сон Тек ўлимини мустақил манбалар томонидан тасдиқлай олмагани, лекин тарқатилган хабарларга шубҳа йўқлигини айтган.

"Агар бу хабар тасдиқланса, шимолий корея режимининг қанчалик шафқатсизлигининг янги мисоли бўлади. Биз минтақадаги ҳамкорларимиз орқали Шимолий Кореядаги вазиятни кузатишда давом этамиз", дейилади Оқ Уй чиқарган мурожаатда.

Жанубий Корея Президенти Пак Кин Хе "бу ҳодиса Ким Чен Ин ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида расмий Пхенян террор сиёсатини кучайтирганини кўрсатади, дейди.

Кузатувчилар Ким Чен Ир ўлимидан сўнг отасини ўрнини эгаллаган 30 ёшли Ким Чен Ин мамлакатдаги тажрибали сиёсатчилар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолишини башорат қилишганди.

Айнан шундай тажрибали сиёсатчиларнинг энг қудратлиси Чан Сон Тхэк эди.

Ким Чен Ир даврида унинг меросхўри сифатида қаралган Чон Сон 2004 йил тўсатдан сиёсат саҳнасидан йўқолади ва уй қамоғига олинади.

Айтилишича, Чон Соннинг ҳаддан ташқари ошиб бораётган нуфузи Ким Чен Ирни хавотирга солган, унга сиёсий барқарорликка ёки ўз тахтига таҳдид деб қараган.

2006 йилда Чон Сон яна сиёсатга қайтади, унга сиёсий бюро аъзолиги ва Ҳарбий комиссия вице президентлиги берилади. Хотини Енгил санот вазири лавозимига тайинланади..

2011 йилда Чан Сон ва унинг хотини ёш раҳбарнинг маслаҳатчилари бўлишади. Сиёсий таҳлилчиларга кўра, ўшандаёқ барча қарорлар Чон томонидан қабул қилиб борилган бўлиши мумкин.

Чан Сон Тхэк Шимолий Кореянинг ягона ҳамкори минтақадаги қудратли мамлакат Хитой билан музокараларга жавоб бериб келган.

Бу мавзуда батафсилроқ