Киевда Янукович тарафдорлари намойишга чиқишди

Image caption Оврўпо майдонига яқин Мустақиллик майдонида мухолифат тарафдорлари йиғилишган.

Шанба куни Киевнинг Оврўпо майдонида Украина президентининг тарафдорлари ҳам намойиш бошлашди.

Намойиш ташкилотчиларига кўра, тадбир якшанба куни ҳам давом этади, сўнгра муддатсиз бўлиши мумкин.

Овроинтеграцияга қарши бўлганлар ўз ҳаракатларига 200 мингдан ортиқ киши йиғилишини билдиришганди.

Айни пайтда Мустақил Майдонида Украинанинг Оврўпо Иттифоқи билан келишувини талаб қилаётганларнинг норозилик намойишлари давом этмоқда.

Жума куни "Украина" саройида мухолиф партия раҳбарлари ва аъзолари билан учрашган Виктор Янукович намойишларни куч билан тарқатмасликка ваъда берган.

Жаноб Янукович шунингдек, намойишларда ҳибсга олинган кишиларни авф қилинишини ва намойишчиларга куч ишлатишга масъул кишиларга чора кўрилишини айтган.

Image caption Мухолифатга кўра, учрашув шунчаки расмиятчилик руҳида ўтган.

"30 ноябрда Майдонда бўлган воқеаларга бевосита уч киши алоқадор. Улар содир этилган зўравонликка тўлиқ масъул ва жавоб беришади. Яқин орада биз уларни кимлигини айтамиз", деган жаноб Янукович.

Мухолифатнинг президент олдига қўяётган талаблардан бири намойиш вақтида ҳибсга олинганларни озод қилиш ва уларга нисбатан очилган жиноий ишни ёпиш сўровидир.

Улар шу билан бирга Ички Ишлар вазири Захарченко истеъфо бериши кераклигини айтишмоқда.

Музокараларда мухолифат вакиллари Виталий Кличко, Арсений Яценюк, Олег Тягнибок, Бош вазир Николай Азаров ҳамда Украинанинг уч собиқ президенти Леонид Кравчук, Леонид Кучма ва Виктор Юшенко қатнашган.

Бироқ мухолифат аъзоларининг билдиришича, учрашув шунчаки расмиятчилик руҳида ўтган, ҳукумат жамоатчилик вакиллари талабларига қулоқ солишига ишониш қийин.

"Биз у ерда фақат шиор ва чақириқларларни эшитдик. Музокарада мухолиф илгари сурган талабларни президент эшитмади. Ҳукуматнинг истеъфоси ҳақида умуман сўз бормади", -дейди "Удар" партияси етакчиси Виталий Кличко.

Охирги хабарларга кўра, президент Янукович шанба куни Киев шаҳар ҳокими Александ Попов ва Хавсизлик кенгаши котиб ўринбосари Владимир Сивковични ўз вазифасини суистеъмол қилгани учун ишдан олган.

Бу мавзуда батафсилроқ