Афғонистон: Учоқ ҳалокати хорижий аскарлар умрига зомин бўлди

НАТО етакчилигидаги АЙЭСАФ - Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучларига кўра, Афғонистон жанубида юз берган учоқ ҳалокатида 6 нафар Америка аскари нобуд бўлган.

"Ҳалокат сабаблари қоронғу ва текширув ишлари бошлаб юборилди", дейилади АЙЭСАФ баёнотида.

Зобул вилояти ҳокими ўринбосарининг матбуотга айтишича, НАТОга тегишли вертолёт чекка Шожўй улусворлигида қулаб тушган.

Дастлабки хабарларда ҳодиса чоғи душман томондан ҳеч қандай ҳатти-ҳаракат кузатилмагани айтилади.

Жорий йил бошларида АЙЭСАФ Афғонистондаги хавфсизлик масъулиятини афғон қуролли кучларига топширган, аммо ҳамон мамлакатда 97, 000 халқаро қўшин фаолият қилади.

Афғонистондаги НАТО кучлари сафида ҳозир 50 мамлакатдан аскарлар (уларнинг 68, 000 мингги Қўшма Штатларга тегишли) хизмат қилишади.

Аскарлар зарурат бўлган пайти афғон кучларига ёрдамга боришади.

2014 йил охирларида НАТОнинг барча жанговор қўшинлари чиқиб кетиши керак.

Маслаҳат ва тайёрлов амалиётлари учун эса, кичикроқ сондаги аскарларни қолдириш режаланган.

Аммо, ҳали бунга Афғонистон ҳукумати томонидан изн берилиши керак.