Янги сўров: 'Афғонистонга кириб, балки, хато қилдик...'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

"Associated Press-GfK" томонидан ўтказилган янги сўровда америкаликларнинг ярмидан кўпи бу каби фикрни изҳор этишган.

Сўров иштирокчиларига кўра, 2001 йилги террорчилик ҳужумлари ортидан Афғонистонга кириш "янглиш бўлган" бўлиши мумкин.

Келаси йилда Афғонистондаги вазият яхшироқ бўлишига ишонганларининг сони эса, 20 фоизга ҳам етмаган.

Ўз ўрнида, америкаликларнинг ҳар учтадан биттаси афғон можароси янада ёмонроқ тус олади, деган фикрда эканлар.

Респондентларнинг ярмига яқинига кўра, Афғонистондаги ҳолат янги йилда ҳам шу аҳволда, ўзгаришсиз қолади.

Худди шу йили Афғонистонда ўтган 12 йилдан буён ҳозир бўлган Америка бошчилигидаги иттифоқ кучлари ортга сафарбарликни режалашган.

Шундан сўнг ҳалиям нотинч ва Толибон жангарилари фаол бўлган Афғонистонда хорижий қўшинларнинг ҳарбий ҳозирликлари масаласи ҳозир минтақа давлатларини бирдек қизиқтирган энг долзарб мавзуга айланган.

Жумладан, Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари ҳам халқаро иттифоқ кучларининг чиқиб кетиши ортидан, Афғонистоннинг яна фуқаролар уруши гирдобига ботиши, экстремистлар ва бангивор моддалар уясига айланишидан хавотирдалар.

Қатор ҳарбий базалар ва 15 мингтагача хорижий аскарнинг Афғонистон тупроғида қолиш шарт-шароитларини белгилаб берувчи муҳим хавфсизлик битими эса, ҳозирча афғон ҳукумати томонидан имзоланмаган.

Расмий Вашингтон ва Нато битим расман маъқулланмайдиган бўлса, афғон тупроғида бирорта ҳам аскарини қолдирмаслигини айтмоқда.

Сафарбарлик жуда суст

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Агар, янги сўров натижаларига таянилса, америкаликларнинг ярмидан кўпроғи Афғонистондан сафарбарлик жуда секин суръатда кечаётганини айтишган.

Фақат ҳар ўнтадан битта киши қўшинларимизни жуда тез олиб чиқиб кетишаяпти, деган фикрни изҳор этган бўлса, ҳар учтадан биттаси ҳаммаси маромида, деган тўхтамда эканлар.

Ўз мамлакатлари ва дунёнинг қолган олти қудратли давлати ядровий дастурини жиловлаш юзасидан Эрон билан эришган бирламчи битимни эса, америкаликларнинг ярмидан кўпроғи маъқуллашган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Эрон ва Афғонистондаги ишларидан у қадар қониқиш ҳосил қилишмаган эсалар-да, Америка фуқаролари ўз президентларининг ичкисидан кўра, ташқи сиёсатини юқорироқ баҳолашган.

Дейлик, сўров иштирокчиларининг ярмига яқини унинг бошқа мамлакатлар билан муносабатларини қанчалик қойиллатаётганидан мамнунлик изҳор этишган. Нақ тенг фоизи эса, бунга зид қарашни билдиришган.

Бунга қарама-қарши ўлароқ, Барак Обама юритаётган иқтисодий сиёсатни мамлакат аҳолисининг бор-йўғи 40 фоизи маъқуллаган. Олтмиш фоизга яқини эса, норози эканини айтган.

Умуман олганда эса, 42 фоиз америкалик ўз президентларининг фаолиятини ижобий баҳолашган.

Америка оммасининг фикри шу йил 5-9 декабр кунлари оралиғида ўрганилган.

Сўров KnowledgePanel сўров ширкати ёрдамида икки мингга яқин катта ёшли киши ўртасида ўтказилган.

Янги сўров телефон, хатлашув ва интернет орқали йўлга қўйилган савол-жавоблар асосида олиб борилган.