Туркиядаги ҳибслар мамлакат сиёсий доираларини шошириб қўйди

Туркия матбуотига кўра, мамлакатдаги порахўрликка боғлиқ шов-шувли ҳибслар тўлқини манзарасида Турк полицияси раҳбарлари ҳам ишдан олинган.

Истанбулда уч вазирнинг ўғиллари дохил камида 52 киши ҳибсга олинишидан бир кун ўтиб, беш нарфар полиция бошлиғи ушланган.

Эрта тонгда амалга оширилган ҳибслар Туркия сиёсий элитасини шошириб қўйди.

Полиция бошлиқлари Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг собиқ иттифоқчиси Фатҳулла Гулен билан тил бириктиришда айбланишмоқда.

АҚШда қувғинда яшаётган таниқли ислом уламоси Фатҳулла Гулен бошқарувдаги партиянинг 2002 йил сайловларида ғалаба қозонишига таъсири катта бўлган.

Жаноб Гулен тарафдорлари полиция ва махсус хизмат, маҳкама тизими ва қудратдаги партия сафларида нуфузли мавқени эгаллаб келиши айтилади.

Охирги пайтларда бир пайтлар мустаҳкам ҳисобланган иттифоққа дарз кета бошлагани сезилди. Ҳукумат хусусий мактаблар, жумладан Гуленнинг "Хизмат" ҳаракатига қарашли мактабларни ҳам ёпишни муҳокама қила бошлади.

Ҳибслар орқасидан матбуотга интервю берган Эрдўғон бошқарувдаги партиянинг парчалашга қаратилган ҳар қандай "таҳдид" ва "жирканч иттифоқ"ларга бўйсунмасликка ваъда берган.

"Ҳеч ким хориждан туриб мамлакатимизни қўлга олиши ва ҳаракатланиши мумкин эмас", деб айтган у Конядаги чиқишида.

Иттифоқ орасида дарз

Турк полицияси кеча порахўрлик ишига алоқадорлик билан ички ишлар вазири, молия вазири ва атроф муҳит масалалари бўйича вазирнинг ўғиллари ҳамда 20 га яқин йирик тадбиркор ва сиёсатчиларни Истанбул ва Анқарада ушлаганди.

Туркиядаги кўпчилик таҳлилчилар Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон ва таниқли уламо Фатҳулла Гулен ўртасидаги келишмовчиликлар унга яқин кишиларнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлаяпти, деган фикрдалар.

Фатҳулла Гулен ҳукуматнинг хусусий мактабларни ёпиш қарорига қарши чиққан.

Жаноб Гулен АҚШда яшаса ҳам, Туркиядаги сиёсий вазиятга етарли таъсир кўрсатиб келади.

Эрдўғон ҳукумати мамлакатдаги порахўрликка қарши кескин курашишини айтган.

Суриштирув ишлари жараёнида полиция Анқарадаги йирик Халқ банкининг офисини тинтув қилиб, банк раҳбари Сулаймон Аслонни ҳибсга олган.

Ҳибслар орқасидан банк ҳиссалари 5 фоизгача тушган.

Бундан ташқари таниқли бизнесмен Али Агаўғлининг қурилиш ширкатида ҳам рейд ўтказилган.

Ушбу ширкат директори Ҳасан Раҳвалийнинг айтишича, полиция таниқли тадбиркорлар ва сиёсатчилар орасида порахўрлик ишини ўрганмоқда, лекин уларнинг жиноятчилигини исботлайдиган далил топа олгани йўқ.

Фатҳулла Гулен ким?

Мухбирларга кўра, иқтидордаги АК партияси ва диний пешво Фатҳулла Гулен етакчилигидаги жамоа ўртасидаги рақобат ва кураш кучайиб бормоқда.

Хўш, Фатҳулла Гулен ким ва у етакчилик қилган жамоанинг Туркия сиёсатига қандай таъсири бор?

Би-би-си айни савол билан Гулен жамоаси бўйича қатор рисолалар муаллифи, Байрам Балчига боғланди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди