Украина мухолифати: Янукович, Кремлда нимани келишдингиз?

Президент Виктор Янукович раҳбарлигидаги Украина ҳукумати ҳайъатининг Москвага ташрифи якунида Россия газ нархини пасайтириши ва Украинага15 миллиард долларлик қарз бериши эълон қилинди.

Бироқ бунинг эвазига Украина Росияга нима беради?

Жаноб Путиннинг билдиришича, Кремлдаги Президент Виктор Янукович билан музокараларда Украинанинг Божхона Иттифоқига қўшилиши масаласини муҳокама қилмаган.

Киевдаги Оврўпога бирлашиш тарафдорлари қаршисида гапирган Украина мухолифати раҳбарларидан Виталий Кличко Президент Янукович Украина манфаатларига хиёнат қилди, деб айтган.

Украина мухолифати Президент Януковичдан Кремлдаги келишув тафсилотларини очиқлашни талаб қилмоқда.

Кремлдаги музокаралар якунида Россия Украина учун табиий газ нархини ҳар 1000 кубометрига 400 доллардан 268 долларга туширгани, бу борадаги келишув 2019 йилгача давом этиши эълон қилинди.

Шунингдек, Россия Украина ҳукуматига тегишли 3 миллиард долларликқимматли қоғозларни сотиб олиши хабари тарқалди.

Image caption Мухолифат фаоллари Янукович ва Путин келишуви бекорга бўлмаганини айтишмоқда.

Бу хабарлар Киевдаги Оврўпога бирлашиш тарафдорларининг узлуксиз давом этиб келаётган норозилик амалиёти иштирокчиларини хурсанд қилмаган.

Намойишчилар қаршисида гапирган мухолифатдаги "Удар" партияси етакчиси, бокс бўйича жаҳон чемпиони Виталий Кличко Президент Януковични Украина мустақиллигига хиёнат қилганликда айблаган.

Президент Януковичнинг Москвага сафари олдидан мухолифат Россия етакчилигидаги Божхона Иттифоқига қўшилиш битимини имзоламасликни жаноб Януковичдан талаб қилган эди.

Энди Украина мухолифати парламентда ҳукумат истеъфоси масаласини яна кўтаришга қарор қилганини айтмоқда.

Чоршанба куни Олий Рада депутатлари парламент президиуми ва минбарини тўсиб, мажлис ўтказилишига йўл қўймаганлар.

Би-би-си мухбирига кўра, 20 дан ортиқ депутатлар ушбу ҳаракатда қатнашишган.

Украина ва Россия ўртасидаги келишув Украинада қандай қарши олинмоқда?

Би-би-си Ўзбек хизмати бу саволни Киевдаги ВВС Украин хизмати мухбири Даря Тарадайга берди.

Даря Тарадай: Украина жамиятида ҳамма Президент Янукович Москвадан нималар билан ортга қайтади, деб сабрсизлик билан кутаётган эди. Москвадан келтирилган ахборотни қабул қилганлар Украина жамиятида 3 тоифага бўлинди, дейиш мумкин. 1-си - булар Мустақиллик майдонида норозилик амалиётини давом эттираётганлар. Бугун биз улар билан гаплашганимизда, улар ўз амалиётларини давом эттираверишларини айтдилар. Улар эришилган битим ва келишувларга қарамасдан, бундан кейин ҳам ўзларининг талабларини қўяверишларини айтишаяпти. Яъни, улар президент ва ҳукумат истеъфога чиқсинлар, тинч намойишчиларни куч билан тарқатганлар жавобгарликка тортилсин, деган талаблар. 2-гуруҳ, бу Украина ҳукумати. Улар Россия билан келишувни олқишламоқдалар. Уларнинг сўзларига кўра, бу келишувлар Украина иқтисодини қутқаришдир. Бугун ҳукумат мажлисида гапирган Бош вазир Николай Азаров, "бундан кейин Украина иқтисодини фақат тараққиёт ва ўсиш кутаяпти", деб айтди. Энди келажак яхши бўлиши ҳақида гапирди. У арзон газ республика бюджетига киритилишини, бу эса Халқаро Валюта жамғармаси ваъда қилган кредити эвазига талаб қилган кескин бюджет қисқартиришлари олдини олиши ҳақида гапирди. Мухолифат Россия билан келишувни Украина манфаатига хиёнат, деб атади. Мухолифатга кўра, Украинага яхши бўлади, деган гаплар ҳозирча фақат оғзаки. Ҳеч ким ҳали бу битимларнинг матнини кўргани йўқ. Шунинг учун бу шартномаларда қандайдир сюрприз бор, деяпти улар.

Би-би-си: Чиндан ҳам Украина қийин аҳволда қолди. Сиёсий шарҳловчилар нима дейишади, бундай вазиятда Украина олдида қандай танловлар бор эди?

Даря Тарадай: Ҳа Оврўподаги ва ҳам Украинадаги сиёсий шарҳловчилар фикрича, Украина қандай муаллақ алфозда қолган бўлса, ҳали ҳам Шарқ билан Ғарб, Россия билан Оврўпо Иттифоқи ўртасида шу вазиятда қолаяпти. Кўпгина фикр-мулоҳазалар билдирилаяпти, бироқ ҳеч ким бундан кейин воқеалар қандай ривожланиши мумкинлигини башорат қила олмаяпти. Чунки 1 мисол, кеча Украинанинг Божхона Иттифоқига қўшилиши эълон қилинмади. Бундан мухолифат жуда қўрққан, Киев марказидаги майдонда тўпланиб турганлар ўзларининг бунга қарши эканини айтаётган эдилар. Бироқ расман бу ҳақда эълон қилинмади. Кўплаб кузатувчилар эътибор қаратаётган жиҳати - мана шу барча имтиёзлар эвазига Россия Украина олдига қандай талаблар қўйди, бу нарса очиқланаётгани йўқ.

Би-би-си: Бугун Бош вазир Азаров ҳам арзон газ ва кредит эвазига Украина нима қилиши лозим, келишувлардаги бунга тегишли бандларни очиқламадими?

Даря Тарадай: Ҳозирча бу борада ҳеч қандай ахборот тарқатилгани йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ