Халқаро муҳожирлар куни: Россияда муҳожирлар мавзуси устивор

Бугун жаҳон бўйлаб муҳожирлар куни нишонланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2000 йилда қабул қилинган қарорига биноан бу кунда БМТ аъзо давлатлари ва ноҳукумат ташкилотлар муҳожирларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақидаги маълумотларни тарқатиш, муҳожирларни ҳимоялаш йўлида дастури амалларни ишлаб чиқишга даъват қилинадилар.

Жорий йилнинг октябрида бўлиб ўтган Халқаро Миграция ва Тараққиёт бўйича юқори даражали учрашувда БМТ аъзолари муҳожирликнинг тараққиётга қўшадиган муҳим ҳиссасини тан олдилар ва ноқонуний муҳожирлик муаммоси билан курашиш, ҳамда қонуний ва хавфсиз муҳожирликни тарғиб қилиш йўлида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Улар қабул қилган декларация муҳожирларнинг инсон ҳуқуқларига алоҳида эътиборни қаратади ва халқаро меҳнат мезонларини тарғиб қилади.

Декларация, шунингдек, ирқчилик ва тоқатсизлик кўринишларини қаттиқ қоралаб, муҳожирлар борасидаги нотўғри қарашларни яхшилаш заруратини урғулаган.

Муҳожирлик мавзуси ўзбекистонликлар учун бугунда энг долзарб муаммолардан бирига айланган.

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг энг катта қисми истиқомат қиладиган Россияда ҳам бу йил муҳожирлик мавзуси устивор масала бўлди. Муҳожирлар мавзуси, россиялик таҳлиличларга кўра, илк бора сиёсий ва ахборот майдонида биринчи ўринга чиқди.

Россия ҳукумати марказий осиёлик муҳожирларга қарши виза тизимини киритиш, уларнинг сонини чеклаш, ҳамда ноқонуний муҳожирликнинг жиддий иллат экани ҳақида бот-бот гапирди. Кремлга мухолиф гуруҳларнинг чақириқлари расмий баёнотлардан фарқ қилмади.

Москвалик антрополог олим Сергей Абашин муҳожирлик ҳуқуқлари учун курашиб келади. Биз ундан аввало, ноқонуний муҳожирлик Россия учун реал муаммоми, деб сўрадик.

Абашин: Биласизми, Россияда муаммо кўп. Ноқонуний муҳожирлик реал муаммо, лекин у Россия жамиятидаги энг асосий муаммо эмас. Чунки хорижликларнинг ноқонуний муҳожирлиги билан бир қаторда, Россиялик фуқароларнинг ҳам ноқонуний муҳожирлиги бор. Ҳукумат баёнотига кўра, ишлашга қодир аҳолимизнинг ярмиси қаерда ишлаётгани ва қаерда қандай маош олаётгани номаълум. Демак, уларни ҳам ноқонуний деб аташ мумкин. Бу анча муҳимроқ муаммо. Яна бир муаммо - жиноятчилик. Статистикага биноан, Россиядаги жиноятчилик хорижликлар яшайдиган ҳудудларда эмас, балки ичкиликбозлик каби иллатлар кенг тарқалган тушкун ҳудудларда авж олган. Жиноятчилик нуқтаи назаридан олиб қаралса, менимча, ичкиликбозлик муҳожирликдан кўра анча жиддийроқ муаммо. Айтмоқчиманки, тўғри, муҳожирликни назорат қилиш керак, лекин у Россиядаги энг асосий муаммо эмас. Лекин, ахборот майдонида ва сиёсатда ҳаммаси аксинча. Ҳеч бир журналист ё сиёсатчи алкоголизм муаммосини муҳожирлар мавзусидек эҳтиросларга берилиб ва тез-тез муҳокама қилмайди.

Би-би-си: Ва айни дамда сиёсатчилар ва матбуот тўлиб-тошиб муҳожирлар мавзусини муҳокама қилишлари манзарасида муҳожирларга нисбатан қатор ноинсоний ҳодисалар юз берди, Бирюлевода бозорга ҳужум қилинди, "Белый вагон" каби акциялар ўтказилди, қотилликлар юз берди. Лекин, Россия зиёлиларининг жамоатчилик онгини ўзгартиришга ҳаракат қилгани кўзга ташланмади. Нима учун зиёлилар жим эди?

Абашин: Мен бунга фақат қисман қўшиламан, чунки зиёлилар, сиёсатчилар ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг бир қисми орасида ксенофобиянинг ўсишига қарши кескин чиқишлари бўлди. Жамоатчиликнинг қайсидир қисми муҳожирларни қўллаб-қувватлашимиз керак, муҳожирларга қарши курашиш эмас, балки уларни ҳимоя қилиб, қонунийлаштирилиши учун курашишимиз керак, деган чақириқлар билан чиқди, ҳатто норозилик намойишлари уюштирилди. Лекин, гап шундаки, муҳожирларга қарши бўлган миллатчи кучлар тезроқ жипслашади, чунки уларнинг шиорлари жуда оддий, ва муаммоларни ҳал қилиш йўлидаги таклифлари ҳам оддий. Лекин муҳожирларга хайрихоҳ бўлган кучлар анча секин тўпланадилар. Айниқса, Россияда либерал ва чап қанот кучлар ўзаро яхши уюшмаганлар. Россияда ҳозир ўнг қанот миллатчи гуруҳлар устивор мавқеда.

Би-би-си: Россияда муҳожирларга қарши чиқаётган кучлар ҳар қалай Россия халқининг бир қисми. Улар балки кундалик ҳаётларида муҳожирлардан жабр чекаётгандирлар, балки муҳожирлар уларнинг иш жойларини тортиб олаётгандир, балки муҳожирлар жиноятлари туфайли улар кўчаларда ўзларини хавфсиз сезмаётгандирлар? Яъни, уларни фақат сиёсатчилар ва матбуот илҳомлантирди дейишдан кўра, ўз турмушларидаги қийинчиликлар шу мавқега мажбур қилди дейиш мумкинми?

Абашин: Мен ундай деб ўйламайман. Айниқса радикалларга келсак, улар ўз турмушларида муҳожирлар ёки қофқозликлардан жабр чеккани учун радикал ишларга қўл уришади деб айта олмайман. Масалан, Русский Маршга кимлар чиқаётганини кўриб борамиз. Бу одатда мафкуравийлашган ва сиёсийлашган ўспиринлар. Уларнинг радикаллашуви ўсмирларда бўладиган психологик ва ижтимоий муаммолар манзарасида ўткирлашади. Одатда бу ўспиринлар қолоқ Подмосковье ёки бошқа вилоятлардан бўлишади, у ерларда таълим ва маданий институтлар яхши иш олиб бормайди. Муаммо шундан келиб чиқади. Муҳожирлар ва қофқозликлар кимнидир шунчалик қийнадики, одамлар кўчаларга чиқиб кетди деб ўйламайман.