Рамзан Қодиров Доку Умаровни «аллақачон ўлган»га чиқарди

Image caption "Доку Умаровнинг жасадини қидираяпмиз"

Чеченистондаги хавфсизлик масаласи ҳақида фикрларини изҳор этар экан, Рамзан Қодиров ўз республикасидаги вазиятни « Россиянинг энг тинч минтақаси» деб таърифлаган.

Чеченистон раҳбари шунингдек, бўлгинчилар лидери Доку Умаровнинг аллақачон ўлганини даъво қилган.

Доку Умаров Сочидаги Олимпия ўйинлари ўтказилишига қарши амаллар билан пўписа қилиб чиққан эди.

"Умаров аллақачон ўлган, биз фақат унинг жасадини қидираяпмиз», деб айтган Қодиров журналистлар билан суҳбатда.

"Умаровдан чечен халқи ва ё республикасига бирор бир хавф йўқ. Буни мен расман айтмоқдаман», деган Қодиров.

Қодировга кўра, кимки Умаровнинг жасадини топса у «буюк аскар» шарафига лойиқ бўлади.

Июл ойи бошида Доку Умаровнинг видеомурожаати эълон этилганди.

Унда ўзини «Қавқоз Амирлиги» раҳбари деб атайдиган Умаров 2014 йилги Сочи Олимпия ўйинларини барбод этиш ҳаракатларига чорлаганди.

Шундан кейин Қодиров «шайтон Умаров» то ўйинлар бошланганига қадар ўлдирилади деб айтганди.

Ўшанда Рамзан Қодиров Умаровни Россиянинг «Ғарблик, Оврўполик душманлари» қўлидаги ўйинчоқ эканини айтган ва бу душманларга Сочида Олимпия ўйинлари ўтказилиши ёқмаслигини иддао этганди.

Умаровнинг айни чиқишини шарҳлар экан, айрим Ғарб дипломатлари Сочида Олимпия ўйинлари ўтиш ғоясини Кобулда бу каби ўйинлар уюштиришга тенг бир амал деб айтишганди.

Чеченистонда хавфсизлик вазияти Москваникидан кўра яхшироқдир деб айтган Қодиров.

Бир неча бор "ўлдирилган"…

Image caption Доку Умаров...яна ўлдими?

Доку Умаров сўнгги йиллар Россияда кечган йирик терактларнинг барчаси учун маъсулиятни ўзига олиб келмоқда.

Булар орасида 2009 йилда «Невский Экпресс»да портлаш, Москва метросига 2010 йилдаги ҳужум ва «Домодедова» аэрапортидаги портлашлар бор.

«Қавқоз Амирлиги» Россияда террорчи гуруҳ ўлароқ эътироф этилган ва унинг раҳбари Умаров босқинчилик, одам ўғирлаш, терактлар ва қотилликларда айбланади.

2012 йил феврал ойида Доку Умаров Россия тинч аҳолисига қарши ҳужумларни тўхтатиб туриш таклифи билан чиққан эди.

Бунга уни Владимир Путинга қарши норозилик намойишлари илҳомлантирганини урғуланди.

Ўшанда Умаров бундан буён фақатгина куч ишлатар тизимлари, ҳарбийлар ва махсус хизматлар унинг гуруҳи нишони остида қолишини айтган эди.

Ҳозирга қадар Умаровни етти марта «ўлдирилди» деб эълон қилишган.

Унинг қаердалигини очиқлаган шахс учун эса 5 миллион АҚШ доллари ваъда берилган.

Ёввойи бўсалар

Image caption Чеченистонда телевизорни бўсалар ўчиради

Бугунги матбуот анжуманида Қодиров жамоатчилик жойларида ўпишиш ҳолатларини «ёввойилик» деб атаган.

"Биз учун кўчада ўпишишлар ёввойиликдир», деб айтган Чеченистон раҳбари.

"Биз телевизор кўриб ўтирсак ва унда ўпишиш саҳнаси бўлса, ўша заҳотиёқ телевизорни ўчирамиз», деб айтган Чеченистон раҳбари.

Чеченистон президенти ўзининг ўта анъанадор чиқишлари билан нафақат Ғарб, балки Россиядагиларни ҳам ҳайратга солиб келади.

Шу йил баҳорида у Чеченистон Британиядан кўра хавфсизроқ эканини ҳам иддао қилганди.

Рамзан Қодиров бу чиқиши билан Британия Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотига муносабат билдирган.

Вазирлик ўз фуқароларига Чеченистонга бормасликларини тавсия қилганди.

"Британия Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Қофқозга бормасликни маслаҳат берибди. Мен бутун жавобгарликни ўз бўйнимга олиб айтаманки, Чеченистондаги вазият Англиядан кўра хавфсизроқдир. Чеченистонга марҳамат қилинг!", деб баён қилганди чечен раҳбари ўз Twitter саҳифасида.

Бу мавзуда батафсилроқ