Муборакнинг иттифоқчиларидан бир айблов олиб ташланди

Гамал ва Ала Муборакка қарши қатор маҳкама ишлари очилганди
Image caption Гамал ва Ала Муборакка қарши қатор маҳкама ишлари очилганди

Миср маҳкамаси собиқ президент Ҳусни Муборакнинг икки ўғли ва унинг сўнгги бош вазири Аҳмад Шафиқни пулларни ноқонуний ўзлаштириш айбловларидан оқлаган.

Жаноб Шафиқ 2012 йилги президентлик сайловларида Муҳаммад Мурсига ютқазиши ортидан Бирлашган Араб Амирлигида яшаб келаётганди. Унга маҳкама ҳукми сиртдан ўқилган.

Ҳар уч шахс ҳам ҳамон коррупцияга оид бошқа айбловларга юз тутишмоқда.

Қоҳира маҳкамаси яна 10 нафар айбланувчини оқлаб ҳукм чиқарган.

Оталари Ҳусни Муборак қудратдан ағдарилганидан бери Гамал ва Ала Муборакка қарши қатор маҳкама ишлари очилганди.

84 ёшли Муборак жанобларининг ўзи август ойи ҳибсхонадан озод қилинганидан бери уй қамоғида сақланмоқда.

У ҳамон коррупция айбловлари ва 2011 йилда ўзининг ҳукмронлигига қарши норозилик намойишга чиққан кишиларни ўлдиришда иштирок этиш бандларида айбланмоқда.

Айбдор топилган Ҳусни Муборак 2012 йилнинг июн ойида бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Аммо, Миср маҳкамаси ҳукм юзасидан шикоятни кўриб чиқиб, маҳкама ишни қайта кўриб чиқиш ҳақида қарор олганди.

Бу мавзуда батафсилроқ