Британия аскари Ли Ригби ўлимида икки киши айбдор топилди

Image caption Қотиллар маҳкамада

Маҳкама Шарқий Лондоннинг Вулвич ҳарбий бараклари яқинида аскар Ли Ригбининг ўлдириб кетилишида 29 ёшли Майкл Адеболажо ва 22 яшар Майкл Адебовали айбдор деб топган.

Адеболажо ўзини “Аллоҳнинг аскари” деб таърифлаган ва бу қотилликни “уруш амали” деб айтган.

Айни пайтда икковлон қотиллик содир бўлган жойда полицияни ўлдириш ҳаракатида айбсиз деб топилган.

Олд Бейлидаги саккиз аёл ва тўрт эркакдан иборат ҳакамлар ҳайяти бу қарорга келиши учун бир ярим соат маслаҳатлашганлар.

Айбланувчилар аскар Ригби устига аввалига соатига 50 км тезлик билан машина солган ва кейин йўл четига чиқаришиб пичоқлашган.

Улар ҳатто гўшт чопадиган чопқи билан аскарнинг бошини танасидан жудо қилишга уринганлар.

Ҳукм борасида жазо чораси Январ ойида эълон қилиниши кутилмоқда.

Маҳкама хонасидан айбланувчилар олиб чиқилар экан Адеболажо Қуръонни ўпиб боши узра кўтарган.

Аскар Ригбининг қариндошлари ҳукм ўқилишини йиғи билан қаршилашган.

'Аллоҳнинг душманлари”

Image caption Ли Ригби

Полиция сўроқларида Адеболажо ўзи ҳамда Адебовали билан бирга ҳарбий бараклар атрофида кутиб туришгани ва Фусилиер Ригби “Қаҳрамонларга ёрдам беринг” ёзувли енгил куртка бўлиб ҳарбий рюкзак кўтариб олгани учун нишонга айланганини айтган.

Кундуз куни кўча тўла одамлар кўз ўнгида рўй берган бу ҳужум кўпларни даҳшатга солган эди.

Бир неча аёллар, улар орасида Аманда Доннелли- Мартин аскарга ёрдам бериш ниятида унинг олдига келишган.

Аммо гувоҳларга кўра, Ригбининг жони узилган бўлган.

Адеболажо Доннелли-Мартин хонимнинг қўлига хат тутқазган ва бунда “ Аллоҳнинг душманларига қарши уруш ва Лондон кўчаларига даҳшат” келтириш ҳақида нутқ битилган бўлган.

Полиция яқинлашар экан, Адебовали эски милтиқни кўтариб чиққан, Адеболажо эса гўшт чопқи билан пўписа қилган.

Полиция ўт очиши билан улар яраланган ва касалхонага ётқизилган.

Икковлон полиция ходимларини ўлдириш ҳаракатига доир айбловни рад этган.

Улар бу амал билан ўзларига қарши ўт очишлари ва “шаҳид” бўлиш ниятида эканларини айтганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ