Путин Украинага ёрдамни биродарлик муносабатлари рамзи демоқда

Image caption "Оврўпо ва Украина битимига қарши эмасмиз, аммо ўз иқтисодимизни ҳимоя қилишга мажбур бўламиз..."

Владимир Путиннинг йиллик матбуот анжумани унинг тўққиз дақиқага кечикиши билан бошланди.

Одатда Путиннинг матбуот анжуманлари соатларга чўзилиши мумкин.

Россия президенти билан учрашувга жами 1319 россиялик ва хорижлик журналистлар йиғилишди.

«Биз гўё сиз билан айрилмагандаймиз», деб бошлади матбуот анжуманини жаноб Путин.

Илк саволлар Украина ва Россия ўртасида бундан икки кун аввал имзоланган битим борасида эди.

Айни битимга биноан Россия Украинага арзон нархда газ етказиб беради ва ҳамда мамлакатнинг евробондларини сотиб олади.

"Сиз уч йил Украинани «бўғиб» келдингиз ва бугун газни арзонлаштирдингиз. Сиз Украинани Оврўпо томондан нигоҳини узиш учун яна қанча беришга тайёрсиз?», деб сўради УНИАН Украина хабар агентлигининг мухбири.

Аввалига Путин ҳазиллашган бўлди. « Яна қанча керак сизга?», деб сўради.

Кейин эса Украина ва Россия биродарлар каби яқин давлатлар экани ва имзоланган битим оғир сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий вазиятда «яқин қариндошларга ёрдам" сифатида кўрилилиши кераклигини урғулади.

"Майданга бунинг алоқаси йўқ. Оврўпо билан музокараларга ҳам алоқасиз. Биз Украинани оғир аҳволдалигини кўрмоқдамиз ва ёрдам беришимиз керак», деб айтди Владимир Путин.

Президентнинг сўзларига кўра, Россия Украинанинг Оврўпо Иттифоқи билан битим имзолашига қарши эмас.

"Мен сизга ҳаваскор спортчи сифатида шуни айтаманки, бу масалада сал мускулларни қимирлатиб кўриш керак. Ҳаммаси шунда аён бўлади. Биз Украина ва Оврўпо ўртасида битимга қаршимизми? Умуман қарши эмасмиз. Биз фақат бу ҳолатда ўз иқтисодимизни ҳимоя қилишга мажбур бўламиз деб айтмоқдамиз, холос…»

Путин шунингдек, Украинага газ нархлари Оврўподаги бошқа мижозларга белгиланган формула бўйича тайинланишини айтди.

Президентнинг меросхўрингиз ким қабилидаги саволга жавоби ҳам лўндагина бўлди.

«Саволга бериладиган жавоб йўқ», деди у.

Ҳафта бошида Россиянинг Газпром ва Украинанинг Нафтогаз давлат ширкати 2009 йилги собиқ бош вазир Юлия Тимошенко билан тузилган баҳсли келишув ўрнига янги битим имзолашган эди.

Украина Россиядан келтириладиган газга қарам ва мамлакат шарқидаги энергетикага катта эҳтиёжи бўлган саноат корхоналари айниқса газ нархларини пастда ушлашни исташади.

Украина муҳандислик маҳсулотлари 75 фоизи Россияга экспорт қилинади.

Халқаро Валюта Жамғармаси билан кредит олишни қайта йўлга қўйишга оид музокаралар тўхтаб қолиши ортидан Украина иқтисодини ушлаб туриш учун зудлик билан молиявий ёрдамга муҳтож.

Айни пайтда Киев ўтган йилги газ учун Россиядан 17 миллиард доллар қарздор.

Бу мавзуда батафсилроқ