Лондондаги театр биноси шифти қулаши ҳодисаси текширилмоқда

Лондон марказидаги “Аполло” театри томининг бир қисми қулаши ортидан камида 76 одам жароҳатланди.

Шаҳар полициясининг хабар беришича, ҳодиса спектакл қўйилаётган маҳалга тўғри келган.

Жабрланганларнинг камида 7 нафари жиддий жароҳат олгани айтилмоқда.

Полиция ҳодиса сабабларини текшираётгани хабар қилинади.

Театр Шифти маҳаллий вақт билан соат 20:15 да қулаб тушган вақтда бино спектаклга келган мухлислар билан тўла бўлган.

Гувоҳлар ҳодисадан олдин қасрлаган овоз эшитишганини айтган.

Ўт ўчирувчилар ҳамма одамлар вайрона остидан чиқариб олинганини билдирди. Ўт ўчириш хизмати матбуот котибининг сўзларига кўра, ўша вақти театрда 700 дан ортиқ одам бўлган.

Гувоҳлар театр биносидан қонга бўялган ва чангга буланган одамлар чиқиб келганини ва уларнинг кўпчилиги йиғлаганини айтган.

“Театрнинг бутун гумбази театрнинг пастки қисмида ўтирган томошабинларнинг устига қулаб тушди. Бизни айвон сақлаб қолди ва қочдик. Одамлар бақира бошлади. Гўёки сув босганга ўхшарди. Биз аввалига бу томошанинг бир қисми деб ўйладик. Кейин болаларни олиб очдик”, дейди спектаклга икки боласи билан келган Эми Лекоз.

Бошқа бир гувоҳ ғалати қасрлаш овозини эшитганини, кейин эса шифт қулаб тушганинин айтган. Театр кутилмаганда қоронғулашган ва ҳамма жойни чанг босган. “Одамларнинг саҳнадан югуриб келаётгани кўринди. Кейин қоронғулашди”, - дейди у.

775 томошабинга мўлжалланган “Аполло” театри 1901 йили қурилган.