Ходорковский: "Ўн йилдан сўнг ҳозир эркинликни таърифлаш қийин"

Image caption "Мен оила аъзоларимни кўриб бағримга босиш, барча дўстларим, ҳамкасбларим билан дийдорлашувни орзиқиб кутяпман"

10 йиллик қамоқдан сўнг озодликка чиқарилган ЮКОСнинг собиқ хўжайини Михаил Ходорковский Берлинда ота-онаси билан учрашиши кутилмоқда.

Ходорковскийнинг вакилига кўра, якшанба куни матбуот анжумани уюштириш ҳам режалаштирилган.

Шанба куниёқ Ходорковский тўхтаган Берлиндаги беш юлдузли "Адлон" меҳмонхонаси олдида халқаро оммавий ахборот воситалари суратга олиш гуруҳлари тўплана бошлаган.

Spiegel нашрига кўра, Берлин касалхонасида бир неча ой даволанган Марина Ходорковская 11 декабрда Россияга қайтган. Бугун унинг Берлинга келиши айтилган.

Ходорковский Америкадан етиб келган ўғли билан учрашган, ўзи айни пайтда ҳис қилаётган озодликни таърифлаш мушкуллигини айтган.

У ўз баёнотида Путинга авф сўраб мурожаат қилганини тасдиқлаган.

"12 ноябрда Россия Президентига оилавий шароит сабабли авф қилишни сўраб хат ёздим ва уни ижобий ҳал қилинганидан хурсандман. Айбни тан олиш ҳақида масала қўйилмади", дейди Ходорковский.

"10 йилдан сўнгги бу эркинликни таърифлаш қийин. Мен ўтган йиллар давомида ЮКОС ишини кузатган, мени, оиламни, шу иш бўйича ноҳақ қамалганларни қувватлаб келганларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мен оила аъзоларимни кўриб бағримга босиш, барча дўстларим, ҳамкасбларим билан дийдорлашувни орзиқиб кутяпман", деб таъкидлайди у.

Image caption Берлин аэропортида Ходорковскийни Олмония собиқ ташқи ишлар вазири Ганс-Дитрих Геншер кутиб олган.

"Махфий дипломатия"

Жума куни Михаил Ходорковский Сегежедаги қамоқхонадан чиққач, кечқурун Берлинга учган. Жазони ижро этиш федерал хизмати маълум қилишича, Ходорковский хорижга чиқиш учун ҳужжатлари расмийлаштирилишини шахсан илтимос қилган.

Ходорковский Берлинга OBO Bettermann ширкатининг шахсий учоғида етиб келган. Маълумотларга қараганда учоқ шахсан Олмониянинг собиқ вазири Ганс-Дитрих Геншер буюртмаси билан хизмат кўрсатган.

"Олмония ҳукумати собиқ вазир Геншернинг ҳаракатларини маъқуллайди", дейди канцлер Ангела Маркел.

Берлин аэропортида Ходорковскийни кутиб олган Олмония собиқ ташқи ишлар вазири Ганс-Дитрих Геншерга ҳамроҳлик қилган сиёсатшунос Александр Рарнинг айтишича, "ЮКОСнинг собиқ раҳбари жуда хурсанд эди, лекин қамоқ ҳаёти уни анча чарчатгани кўриниб турарди".

"Унинг учун яқинлари билан кўришиш энг муҳими эди. У ҳамма вақт машинада ҳам, меҳмонхонада ҳам оила аъзолари, дўстлари билан гаплашди. Геншер жуда мураккаб ишни амалга оширди, бу ҳануз мамлакатлар орасида бўлган махфий дипломатия эди. Фақатгина давлат раҳбарлари эмас, бу ҳамма вақт бўлган",- дейди сиёсатшунос Александр Рар.

Берлин аэропортидан Ходорковский полиция ҳамроҳлигида меҳмонхонага жўнаган.

Ходорковский Олмониядан Швецарияга оиласи олдига учиши айтилмоқда.

Image caption Матбуот анжумани берган жаноб Путин Ходорковскийга қарши учинчи иш самарасиз бўлишини айтди.

"Фуқаролик жамиятининг ғалабаси"

Россия мухолифатининг The New Times журналидаги мақолада ҳам Ходорковский ўзини қувватлаган инсонларга раҳмат айтган ва олдинда қамоқда қолаётган дўстлари, энг аввало Платон Лебедевнинг озод этилиши турганини таъкидлаган.

Жума куни "МЕНАТЕП"нинг собиқ раҳбари Платон Лебедевнинг ҳам авф этилиш ҳақида ариза бериши мумкинлигини айтишган эди ҳимоячилар.

Бироқ кейинроқ Платон Лебедевнинг бундай режаси йўқлиги маълум қилинди.

"Инсон ҳуқуқлари учун" ҳаракат раҳбари Лев Понамарёвнинг фикрича, "президент Ходорковскийни ташқи босимлар остида авф қилишга мажбур бўлди. Лекин бу ҳимоячилар иштирокисиз ўтказилгани, бу ҳам махсус хизматларнинг навбатдаги амалиёти эканидан дарак беради". "Нима бўлганда ҳам бу фуқаролик жамиятининг қандайдир ғалабаси дейиш мумкин", дейди Понамарёв.

Охирги пайтда Ходорковскийга қарши "учинчи иш" очилиши мумкинлиги тахминлари пайдо бўлган эди.

Бироқ пайшанба куни матбуот анжумани берган жаноб Путин бундай иш самарасиз бўлишини билдирди.

Ҳозир касодга учраб, барбод бўлган ЮКОС нефт ширкати раҳбари Михаил Ходорковский бир пайтлар Россиянинг энг бадавлат одами эди.

Михаил Ходорковский ўзига қўйилган молиявий жиноятларни ҳеч қачон тан олмаган, улар сиёсий важларга асосланганини айтиб келган.

Ходорковский ва Платон Лебедев нефтни ўғирлаш ва ноқонуний пулларни қонунийлаштириш, солиқлардан бўйин товлашда айбдор топилган.

Путин, ундан олдин Медведев ҳам Ходорковский ва Лебедев ўзларига қўйилган айбларни тан олса, авф қилиниши мумкинлигига ишора қилганди.

ЮКОС ҳиссалари учун

Михаил Ходорковский озодликка чиққач, ЮКОСнинг мероси ҳақида қизғин баҳслар бошланган.

Ширкат 2007 йил тугатилган бўлса ҳам, унинг собиқ эгалари ва собиқ олигархнинг ҳамкорлари ЮКОСнинг мулки ҳақида ҳалигача судлашиб келади.

Энди эса бу курашга Ходорковскийнинг ўзи ҳам қўшиладими?- деган савол пайдо бўлган.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, Ходорковскийда хоҳиш бўлса, кимсан Роман Абрамовичга қарши ҳуқуқий курашни бошлай олади.

Лондонда Роман Абрамович билан судлашган Борис Березовскийда ғалаба қозонишга ҳуқуқий асослар етарли бўлмаган бўлса, Ходорковскийда ЮКОС ва Сибнефт ўртасидаги шартномага кўра, Абрамовичга қарши аниқ далиллар топилади. Бу ишда миллиардлар айланиши мумкин, деб қайд қилади улар.

Бу мавзуда батафсилроқ