Михаил Ходорковский сиёсатга бош суқмоқчи эмас

Собиқ нефт корчалони Михаил Ходорковский сиёсатга аралашмаслигини билдирган.

У жума куни Россия Президенти Путин томонидан авф этилиб, қамоқдан озод қилинганди.

Ходорковский жаноблари Россияда чоп этилувчи "Новое время" журналига барбод бўлган ЮКОС нефт ширкати мулкларини қайтариб олиш учун ҳам курашиш ниятида эмаслигини айтган.

Собиқ миллиардернинг билдиришича, Президент Путиннинг авф тўғрисидаги қарори ҳеч қандай шартлар асосида бўлмаган.

У қаллоблик ва солиқлардан бўйин товлаш айбловлари билан умрининг 10 йилини Россия қамоқхонасида ўтказди.

Ходорковский ҳар доим ўзининг гуноҳсизлигини таъкидлаб келган ва маҳкама сиёсий важларга асослангани, бунга ўз бойлигининг маълум қисмини мухолиф партияларга сарфлагани сабаб бўлганини айтганди.

Михаил Ходорковский ҳибс қилинган пайт Россиянинг энг бадавлат одами бўлган.

У мамлакатнинг энг таниқли сиёсий маҳбусига ҳам айланганди.

"Чиқиб кетишим ташкиллаштирилди"

"Мен сиёсатга аралашиш ниятим йўқ ва мулкларни қайтариб олиш учун ҳам курашмоқчи эмасман", деган Ходорковский "Новое время" билан суҳбатда.

Айни пайтда у Россиядан чиқиб кетиши ташкиллаштирилганини эътироф этган.

"Агар кимдир 1970 йиллар ва диссидентнинг депортация қилиниши ҳақида кино олмоқчи бўлган бўлса, бундан яхшисини қилолмаган бўлардингиз", деб айтган Михаил Ходорковский.

У Россияни тарк этишга мажбурланмагани, "улар менинг мамлакатдан кетишимни тавсия қилишганини мутлақо аниқ" англаганини билдирган.

Ходорковский ҳозир ўғли ва ота-онаси билан кўришган.

У бугун кечда Берлинда матбуот анжумани ўтказиши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ