Энг машҳур ўқотар қурол ихтирочиси - Калашников вафот этди

Калашников ўқотар қуролининг ихтирочиси Михаил Тимофеевич Калашников 94 ёшида вафот этган.

17 ноябр куни у ошқозон қонаши билан шифохонага ётқизилганди.

Калашников автомати 1947 йил яратилган ва XX асрнинг энг машҳур ихтиролари сирасига киритилган.

Автомат дунё бўйлаб энг кўп қўлланиладиган қуролга айланган, ҳозир 100дан ортиқ давлат қуролли кучлари фойдаланади.

Айни пайтда AK47 жҳондаги инқилоблар рамзига ҳам айланган, қатор миллий байроқларда ҳам акс этган.

Жумладан, Ангола, Ветнам, Жазойир ва Афғонистондаги жанг майдонларида қўлланилган.

Фаластиндаги гуруҳлар ҳам Калашников автоматидан кенг фойдаланишади ва Усама бин Лодиннинг ҳам қўлида пайдо бўлганди.

Қурол нисбатан содда ишлангани боис арзонга тушади ҳамда жанг майдонларида қўллаш ишончли ва осон кўрилади.

Михаил Калашников 1919 йил 10 ноябрда Олтой ўлкасидаги Курья қишлоғида дунёга келганди. У оиладаги 18 фарзанддан бири бўлган. Болаларнинг фақат олти нафари яшаб қолган.

Калашников 1938 йил Қизил Армияси сафига чақирилган ва унинг яратувчанлик қобилиятидан қурол-яроғлар ва Совет танкларида ишлатилган ускуналар самарадорлигини ошириш йўлида фойдаланилган.

1941 йил октябрида у бошқарган танк олмонлар снарядига дуч келган ва тан жароҳати олган. Шундан сўнг, у ўз номини машҳур қилган ўқотар қурол ихтироси билан шуғулланган.

Ҳарбий шифохонада пайти сафдош аскарларидан бири нима учун Россия армияси олмон қўшинлариникига ўхшаш қуролга эга эмаслиги ҳақида сўраган.

"Хуллас, мен аскар учун автомат қурол ихтиро қилдим. У Калашников автомати деб аталди", деганди Михаил Калашниковнинг ўзи.

Янги қурол 1949 йилдан бошлаб Совет қуролли кучлари тарафидан фойдаланила бошланган ва у Сталин Мукофоти билан тақдирланган.

Бу Калашников олган совринларнинг бири эди, холос. Кейинчалик Михаил Калашников "Ленин ордени", "Социалистик меҳнат қаҳрамони" каби қатор мукофотлар берилганди.

1987 йил Михаил Калашниковга Удмурт Республикаси "Фахрий фуқароси" деган ном берилган. 75 ёшга киргани муносабати билан эса, Президент Елцин уни Генерал-Майор унвони билан тақдирлаган.

Ўзи ишлаган қуролининг соддалиги боис у ихтиросидан қадар катта бойлик орттира олмаган.

Аммо, АК47 унинг номи тарихда ўчмас из қолишини кафолатлайди.

Михаил Калашников ўқотар қуроли кўплаб инсонлар умрига зомин бўлгани юзасидан ҳеч қандай масъулиятни қабул қилмаган.

"Менинг мақсадим ўз ватаним чегараларини муҳофаза қилиш учун қурол яратиш эди. Калашников кўпгина ихтилофли жойларда қўлланилгани менинг айбим эмас. Бунга ихтирочилар эмас, ўша мамлакатларнинг сиёсатлари айбдор", деб айтган эди Михаил Калашников.