Туркияда икки вазир истеъфоларини эълон қилганлар

Туркия ҳукуматига зарба бўлган коррупция терговида Иқтисодиёт вазири Зафер Чағлаян ва Ички ишлар вазири Муаммар Гулернинг ўғилларига айбловлар қўйилиши ортидан икки вазир истеъфо берганларини эълон қилганлар.

Тергов доирасида 24 киши, шу жумладан давлат назоратидаги "Халқбанк" раҳбарига айблов илгари сурилган.

Ўз баёнотида Иқтисодиёт вазири Зафер Чағлаян терговни "қабиҳ амалиёт" деб атаган.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон ушбу текшириш билан ўзининг бошқарувига путур етказиш мақсадини кўзлаган рақибларининг "қўлини синдириш" билан таҳдид қилди.

Жаноб Чағлаяннинг ўғли Каан ва ички ишлар вазирининг ўғли Барис Гулер қурилиш лойиҳаларидаги порахўрликларга алоқадорликларини рад этганлар.

Ички ишлар вазири Муаммар Гулерга кўра, унинг ўғлини ҳибсга олиш учун ҳуқуқий асос бўлмаган, чунки ўғли расмий давлат лавозимини эгалламаган.

24 декабр куни Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон раҳбарлигидаги ҳукумат ҳайъати Покистон сафаридан қайтган.

Жаноб Эрдўғонни Эсенбога аэропортида тарафдорлари кутиб олган.

Бош вазир баёнот берар экан, унинг ёнида жаноб Чағлаян турган.

Орадан бироз ўтиб, у Иқтисодиёт вазири лавозимидан истеъфо бериши ҳақидаги баёнотини эълон қилган.

Мухолифат ҳибслар ҳақидаги хабарлар ортидан Иқтисодиёт ва Ички ишлар вазирининг истеъфоларини талаб қилиб келаётган, 22 декабр куни Истанбул шаҳрида аксилҳукумат намойиши ташкил қилинган.

Бош вазир Эрдўғон 2002 йил "Адолат ва Тикланиш" партияси раҳбари сифатида қудратга келган ва ҳукуматга алоқадор шахсларнинг ҳибсга олинишини ва полиция раҳбарларининг лавозимларидан бўшатилишини айрим шарҳловчилар "Адолат ва Тикланиш" партияси ичидаги бўлиниш сифатида талқин қилмоқдалар.

Би-би-си мухбирига кўра, АҚШда истиқомат қиладиган таниқли исломий уламо Фатҳуллоҳ Гулен жаноб Эрдўғоннинг рақиби деб кўрилади ва жаноб Гуленнинг "Хизмет" ҳаракатининг тарафдорлари Туркиянинг полиция ва адлия тизимида бор.

Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон сўнгги текширишларни Туркия ташқарисидан ташкиллаштирилган "қора фитна" деб таърифлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ