Туркия : Армия сиёсатга аралашмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Суриштирув идоралари бош вазирга босим ўтказишга уринмоқда.

Туркия ҳарбий кучларига кўра, мамлакатдаги йирик сиёсий коррупцион жанжал манзарасида "сиёсий баҳс"га аралашишни истамайди.

Охирги пайтда шиддат билан ривожланган коррупцияга алоқадор воқеалар ва уч вазир истеъфосидан кейин Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғонга ўз ҳукумати таркибини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.

Ҳибсга олинган ўнлаб юқори лавозимли расмийлар орасида уч вазирнинг ўғиллари ҳам бор эди.

Туркиядаги жанжал миллий валютанинг долларга нисбатан қадрини тушириб юборди.

Туркия армиясининг ўз расмий веб саҳифасида эълон қилган мурожаатга кўра, коррупция бўйича жанжаллар мамлакатда ҳарбий тўнтариш амалга оширишни кўзлаган бузғунчиликдир.

"Туркия ҳарбий кучлари сиёсий баҳслар иштирокчиси бўлишни хоҳламайди. Шу билан бирга бу жараённинг боришини албатта кузатиб боради", дейилади мурожаатда.

Полиция шов-шувлардан бири Эронга ноқонуний пул ўтказмалари ва қурилиш лойиҳаларига боғлиқ порахўрликларни текширмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Эрдўғонга яқин бўлган Байрақтар бош вазирнинг ўзини истеъфо беришга чақирди.

Уч вазир - Зафар Каглаян, Эрдўған Байрақтар ва Муаммар Гулер ўз ўғиллари ҳибсга олингач, истеъфо беришди.

Чоршанба куни жаноб Эрдўғон Президент Абдулла Гул билан музокаралардан сўнг тайинланган янги 10 вазирлари билан учрашган.

Лавозимидан кетган уч вазирдан бири Эрдўғонга яқин бўлган Байрақтар бош вазирнинг ўзини истеъфо беришга чақирди.

Жумҳурият газетининг ёзишича, айни пайтда Эрдўғоннинг ўғли Билол Эрдўғонга боғлиқ фонд фаолияти ҳам текширилмоқда.

Ҳибслар

Кўп сонли полиция ва маҳкама амалдорлари бундан ўн кун олдин ҳибслар тўлқини бошланган пайтда ўз вазифаларидан бўшатилди.

Жумладан прокурор Муаммар Аккас ҳам ўзини ҳеч бир сабабсиз ишдан бўшатилган деб ҳисоблайди.

Унинг айтишича, пайшанба куни коррупция иши билан боғлиқ текширувларни олиб бориш имкони йўқлигини айтган ва ишдан четлатилган.

Унинг сўзларига қараганда, полиция унинг ҳибсга олиш бўйича буйруқларини бажармаган.

Истанбул Бош прокурори Турхан Салаккадийга кўра, жаноб Аккас оммавий ахборот воситаларига маълумотларни сиздирганлиги учун истеъфога чиқарилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Фатхулла Гулен бир пайтлар Эрдўғоннинг яқин ҳамкори бўлган.

Ҳокимият учун кураш

Туркиядаги таҳлилчилар фикрича, ушбу жанжалли ҳодисалар Эрдўғон ҳукумати ва Америкадаги нуфузли турк уламоси Фатхулла Гулен ўртасидаги ҳокимият учун курашга бевосита алоқадор.

Бир пайтлар Эрдўғоннинг яқин ҳамкори бўлган Гуленнинг Туркия полиция ва маҳкама тизимида ҳануз кўплаб тарафдорлари мавжуд.

1999 йил ўша пайтдаги ҳукумат билан ислом давлати қуриш мақсадида тил бириктиришда айбланган ва мамлакатни тарк этган жаноб Гулен Туркиядаги ҳозирги воқеаларга алоқасини рад қилган.

Фатхулла Гулен айни пайтда АҚШда, Пенсилвания штатида яшаса ҳам Туркиядаги сиёсий вазиятга таъсири катталиги таъкидланади.