Ҳиндистондаги жамлоқда 34 бола нобуд бўлган

Ҳиндистоннинг шимолий Уттар-Прадеш штатида бир неча минг киши кун кечираётган қочқинлар жамлоғида камида 34 бола совуқ ва ич терламадан ҳалок бўлган.

Маҳаллий расмийларга кўра, Музаффарнагордаги беш жамлоқда тўрт минг етти юздан ортиқ киши бор.

Уларнинг аксарияти сентябр ойида ҳиндулар ва мусулмонлар ўртасидаги тўқнашув натижасида уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган мусулмонлар экани айтилади.

Ҳукумат комиссияси ҳисоботида келтирилишича, ҳалок бўлганларнинг ҳаммаси 12 ёшдан кичик болалардир. Қаттиқ совуқ ва жамлоғда тарқалган ич терлама туфайли болалар вафот этган.

Уттар-Прадешда сентябр ойида содир бўлган тўқнашувларда 65 киши ҳалок бўлган, яна 85 нафар инсон яралангани хабар қилинган.

500 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли, аксарияти мусулмонлар уй-жойсиз қолишганди.

Тўқнашувлар уч киши ёш аёлни жинсий зўрлаганликда гумон қилиниб ўлдирилиши орқасидан бошланиб кетган.

Уттар-Прадеш штатининг расмийси билдиришича, болалар муолижа олиш учун жамлоғдан ташқарига ёки касалхонага олиб чиқилганда вафот этган.