Украина: журналистни калтаклашда гумонланганлар ушланган

Украина полицияси ҳукуматга қарши намойишларни ёритган журналист Татяна Чорновилнинг қаттиқ калтакланишида гумонланган уч кишини ҳибсга олган.

Журналист Татяна Чорновил 25 декабр кечқурун Бориспол авто трассасасида калтакланган.

Оғир аҳволда касалхонага ётқизилган Татяна Чорновилнинг ўзи телевидениега берган интервюсида ҳужум қилганлар уни бурнини синдиришгани, калтаклар зарбидан бир кўзи қаттиқ жароҳатланганини айтган.

Чоршанба куни кечқурун Киевда журналистнинг автомашинаси номаълум кишилар томонидан тўхтатилиб, аёвсиз калтакланган, мияси қаттиқ жароҳатлангани хабар қилинганди.

Татяна Черновол ҳужум унинг журналистик фаолияти билан боғлиқлигига ишонишини айтган.

Номаълум кишиларнинг ҳужуми Киевда мухолифатнинг Оврўпо Иттифоқи билан келишувни имзолашни ёқлаб чиққан бир ойдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган намойишлари манзарасида юз берган.

Ҳозирча ҳибсдаги бир гумондор 29 ёшли киевлик Сергей Котенко экани маълум қилинган.

Ҳибсдагилар оғир тан жароҳати етказишда айбланишмоқда.

Журналистга ҳужумдан дарғазаб бўлган юзлаб намойишчилар пайшанба куни Киевдаги Ички Ишлар вазирлиги биноси олдида йиғилишган.

Татяна Чорновилга ҳужум Украинада бир неча мухолиф фаолга қарши ҳужумларнинг давоми сифатида қаралмоқда.

Сешанба куни ҳукуматга қарши намойишларда иштирок этган мухолифатчи Дмитрий Пилипец Харков шаҳрида пичоқланган.

Татяна Чорновил Украинадаги юқори лавозимли кишиларнинг шубҳали бизнес ишларини ўрганган журналистик текширувлари билан танилган.

Бундан олдин у Киев яқинида Ички Ишлар вазири Виталий Захарченко учун қурилаётган "шаҳар ташқарисидаги сарой” ҳақида ёзган эди.

Украина милицияси Баткившина партиясининг икки депутати Николай Княжицкий ва Виталий Ярем, Регионлар партиясидан Давид Жванияни қўшимча маълумот учун сўроқ қилган.

Милицияга кўра, Татяна Чорновилнинг отаси қизининг машинасидаги видео ёзиб олувчи ускунани депутат Виталий Яремга берган, лекин у видео ёзувни тергов идораларига топширмаган.

Журналистнинг калтакланиши Украина ичкарисида норозилик намойишларини янада кучайтириб юборган.

Бу мавзуда батафсилроқ