Покистон собиқ президенти давлатга хиёнатда айбланмоқда

Покистонда мамлакат собиқ президенти Парвез Мушарраф устидан маҳкама жараёни бошланган.

У давлатга хиёнат қилишда айбланмоқда.

Айбловга алоқадор воқеа 2007 йилда содир бўлган, ўшанда генерал Мушарраф Покистон конституциясини тўхтатиб, фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.

Маҳкама Парвез Мушаррафни айбдор деб топгудек бўлса, Покистон қонунларига мувофиқ унга умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси берилиши мумкин.

Собиқ президентнинг ўзи маҳкама залида ҳозир бўлмаган. 24 декабрда ҳам жаноб Мушарраф маҳкамага етиб келмаган.

Унинг ҳимоячиларига кўра, маҳкама Мушаррафнинг хавфсизлигини етарли таъминлаганига ишонч йўқ.

Ўтган ҳафтада Мушаррафнинг Исломобод чеккасадига қароргоҳи яқинида портловчи модда топилган ҳақидаги хабар боис маҳкама қолдирилган эди.

Айбловлар

Собиқ президент давлатга хиёнатдан ташқари одам ўлдириш мақсадида тил бириктириш ва бу жиноятга шериклик қилишда айбланмоқда.

Парвез Мушаррафга қарши 2007 йилда мухолифат раҳбари ва мамлакат собиқ бош вазири Беназир Бҳутто ўлдирилишига алоқадор иш бўйича уч айблов илгари сурилган.

Маҳкама Парвез Мушаррафни айбдор деб топгудек бўлса, Покистон қонунларига мувофиқ унга умрбод қамоқ ёки ўлим жазоси берилиши мумкин.

Ҳимоячилар Мушаррафга нисбатан Покистонда адолатли маҳкама ўтказилишига шубҳа билан қарашмоқда.

"У хавфсизлиги таъминланмагани боис маҳкамада қатнаша олмайди", деган ҳимоячи Аҳмад Касурий.

Шу билан бирга маҳкама Мушаррафнинг яқинда бир гуруҳ эркаклар Лаҳорда ўзига ҳужум қилишгани ва у қочиб қутулгани юзасидан шикоятини жиддий қабул қилмаган.

Ҳимоячи Анвар Мансурнинг айтишича, ҳозирги бош вазир Навоз Шарифда Мушаррафга нисбатан адоват сақланиб қолган.

Парвез Мушарраф 1999 йилда қонсиз йўллар билан Навоз Шарифни ҳокимиятдан ағдариб, мамлакат раҳбарига айланганди.

У ҳокимиятда тўққиз йил қолди, бироқ 2008 йилги демократик сайловларда мағлуб бўлиб, Покистонни ихтиёрий тарк этди, ва ўтган йил бошига қадар асосан Дубай ва Лондонда яшади.

Собиқ ҳарбий раҳбар ўша пайтдаги ҳукумат унинг ҳибсга олинмаслигига кафолат берганидан кейин сайловларда ўз партиясига раҳбарлик қилиш мақсадида ватанига қайтди, бироқ сайловлардан четлатилди ва кўп ўтмай ўзи қудратда бўлган пайтида бир қанча жиноятлар содир этишда айбланиб, уй қамоғига олинди.

Мушарраф давлатга хиёнатда айбланиб маҳкамага юз тутаётган биринчи собиқ ҳарбий раҳбар бўляпти.

Мухбирларга кўра, кўпчилик покистонликлар Навоз Шариф ҳукумати мамлакат олдида турган иқтисодий муаммолар, мазҳаблараро қарама-қаршиликлар боис давом этаётган ҳужумлардан чалғитиш учун маҳкама жараёнидан фойдаланмоқда деб билишади.

Таҳлилчиларга кўра, мамлакатда жаноб Мушаррафнинг тарафдорлари ҳам анчани ташкил этади, унинг тарафдорлари Парвез Мушарраф учун ўз ҳаётларини беришга ҳам тайёр эканликларини айтишган.

Бу мавзуда батафсилроқ