Сочида намойишлар ўтказиш тартиби юмшатилганига мухолифат ишонмади

Россия мухолифати ҳукуматнинг Сочи Олимпиадаси пайти норозилик намойишлар ўтказилишига имкон берганига шубҳа билан қарамоқда.

Мухолифатчи Эдуард Лимоновга кўра, норозилик намойишлари олимпиада иншоотлари қурилишидан олдин ўтказилиши керак эди.

Мухолифатнинг бошқа вакиллари ва блоггерлар фикрича, президентнинг тўлиқ тақиқдан намойишлар ўтказишни енгиллаштиришга қараб чекиниш қарори аслида "кўз бўямачилик" бўлиб, ҳеч нарсани ўзгартирмайди ҳам.

Бундан олдин Россия Президенти Владимир Путин Сочи Қишки ўйинлари ўтказиладиган жойлар атрофида хавфсизлик чораларини кучайтириш фармонига ўзгартириш киритгани айтилганди.

Фармонда "намойиш, ҳаракат ва юришлар" олдиндан Сочи маҳаллий расмийлари ва хавфсизлик кучлари билан келишган ҳолда расмийлар ажратган махсус зоналардагина рухсат этилиши маълум қилинади.

7 январдан 21 мартгача Сочида хавфсизлик чоралари кучайтирилган махсус тартиб амал қилади.

Президент Путин ўтган йил ёзида Қишки олимпия ўйинлари пайти барча норозилик амалиётлари тақиқланиши ҳақида фармон чиқарган эди.

Бироқ энди норозилик митинглари билан боғлиқ чеклов юмшатилмоқда, кимда-ким йиғилиш ёки намойиш ташкил қилмоқчи бўлса, Краснодар ўлкаси, Сочи шаҳри маъмуриятлари, ўлкадаги Ички ишлар ва Федерал Хавфсизлик хизматининг маҳаллий идораларига мурожаат қилиши лозим.

Расмийлар рухсат берган жойда намойиш ташкил қилиш мумкин, бироқ намойишчилар сони чекланган бўлади.

Дунёда кўплаб ташкилотлар, хусусан, бесоқолбозларнинг ҳуқуқлари учун курашаётган ҳамда Россияда сиёсий ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилаётган гуруҳлар Сочи ўйинлари пайти норозилик амалиётларини ўтказиш тақиқланганидан шикоят қилдилар.

Сочи Қишки олимпиадаси жангариларнинг нишонига айланиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар ҳам кучли.

29 ва 30 декабр кунлари Сочига яқин Волгоград шаҳрида икки худкуш ҳужумчи ўзларини портлатганлари хабар қилинган.

Оқибатда 34 инсон нобуд бўлган.

Россиялик терговчиларга кўра, худкуш ҳужумчилар Шимолий Қофқоздан борган жангарилар бўлганлар.

Волгограддаги портлашлар туфайли Президент Путин олимпиада иншоотлари атрофида хавфсизлик чораларини янада кучайтаришга буйруқ берди, сўнг ўзи шахсан бориб, бу объектларни текширувдан ўтказди.

Сочидаги хавфсизлик чоралари дронлар орқали осмондан кузатиш ва кўчаларда автомобиллар ҳаракатини қаттиқ чеклашни назарда тутади.

Айрим таҳлилчилар фикрича, намойишларга жорий этилган чекловларнинг юмшатилиши, ўйинлар яқинлашган пайти Кремл томонидан халқаро ҳамжамият кўзи олдида Россиянинг обрўини яхшилаш ниятидаги амалларидир.

Яқинда россиялик таниқли тадбиркор Михаил Хожорковский ва Pussy Riot қўшиқчи гуруҳининг икки аъзоси амнистия бўйича озодликка чиқарилдилар.

Сиёсатшунос Станислав Белковский ҳам Путиннинг қарори ҳукуматнинг Сочи Олимпиадаси пайти оммавий ҳаракатларга муносабатини ўзгарганини англатмайди, деб билади.

"Президент Сочида оммавий тартибсизликлар бўлишини олдини олишга 120 фоиз уринмоқда. Шу билан бирга Путин давлат раҳбарлари ташриф буюрадиган Ўйинда ўзининг ҳаракати албатта сиёсий бекаму кўст бўлишини хоҳлайди", дейди "Эхо Москва"га берган интервюсида жаноб Белковский.

Шунингдек "Ҳамма нарса силлиқ кечиши керак. Қарорда айтилишича, илгари нима қилган бўлсанг қил, лекин маҳаллий ҳокимият розилиги билан. Лекин шуниси аниқки, Сочи Олимпиада қўмитаси ва Владимир Путинга ноқулай бўлган воқеа расмийлар томонидан тасдиқланмайди. Шундай экан, аслида ҳеч нима ўзгармади, фақат шакл ўзгарди холос", дейди сиёсатшунос Белковский.

2008 йилги Пекин Олимпиадаси пайти ҳам Хитой расмийлари намойишларга тааллуқли шундай чеклов жорий этган эди.

Олимпия ўйинлари пайти Пекиндаги уч паркда намойиш ўтказишга рухсат берилган, бироқ бу рухсатни шаҳар маъмурияти ва полиция идорасидан олиш талаб қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ